Новосибирск давлат тиббиёт институти дипломдан кейинги маълумот департаменти, шошилинч терапия ва умумий амалиёт кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Ольга Мюллернинг Намангандаги фаолияти ҳам самарали кечди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган терапия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида ўқув анжумани ташил этилди. Унга вилоят шифохоналари ва кўп тармоқли поликлиникалари кардиолог ва терапевт врачлари таклиф этилди. Суҳбат ва мунозараларда, фикрлашув ва мулоқот жараёнида исботланмаган гипертензиология асосида артериал гипертензиали беморларни даволашга оид амалий маслаҳатлар берилди. Россиялик олима слайдлар воситасида "Маҳорат дарси" ўтди.

Машғулотлар чоғида диуретиклар билан шифокор амалиёти, гипертония касаллигига учраган беморларда когнетив бузулишлар, қандай қилиб диеменция ва инфарктнинг олдини олиш мумкин? деган мавзулар доирасида маъруза ҳам ўқилди. О. Мюллер жаҳон аҳлини жиддий ташвишга солаётган мазкур касалликларга қарши кураш натижадорлигини таъминлаш чоралари юзасидан батафсил тўхталди. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш стандартларининг ўзига ҳос жиҳатлари хусусида мушоҳада юритди. Давра суҳбати қатнашчиларининг кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

-       Бугунги ўқув машғулотида қон босими, инфаркт ва инсульт ҳасталикларидан азият чекаётган беморларнинг дардини енгиллаштиришга оид тушунчаларимизни янада бойитдик. Таниқли шифокор тавсиялари асосида беморларга хизмат кўрсатишни янада такомиллаштирамиз,- дейди Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачи Гавҳар Тожибоева.

Шу куни О. Мюллер Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ҳам бўлди. Яратилган шароитлар билан танишди. Терапевтик реанимация бўлимида даволанаётган беморлар билан суҳбатлашди. Жумладан, 70 ёшли Муборак ая Усмонованинг ҳолатини кўздан кечирди. Онахон билан мулоқот чоғида касалликнинг келиб чиқиши сабаблари, даволаш жараёнларининг бориши, таҳлилларга эътиборни қаратди. Хасталикни бартараф этишда шифокорлар ва беморлар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида таклифларини баён этди.

Шифокор олиманинг филиал врачлари билан тажриба алмашинуви пайтида юрак хасталикларини даволаш самарадорлигини ошириш йўллари ҳақида кўплаб мулоҳазалар айтилди. 1-кардиология бўлими мудири Маликжон Ортиқов ва кардиореанимотолог-врач Маъруфжон Мирзаевлар билан мулоқот ҳам қизғин тус олди. Россиялик ва ўзбекистонлик мутахассислар артерияда қон босимининг ошиб кетиши билан боғлиқ хасталиги бор беморларни даволаш усуллари юзасидан ўртоқлашишди. Бу соҳада жаҳон тиббиётида жорий этилаётган янгиликлар ҳақида фикр юритилди.

- Юртингизда кўп марта бўлганман. Илмий-амалий анжуманларда иштирок этганман. Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш, тиббий хизмат даражасини юксалтириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқ. Айниқса, хорижий тажрибаларга таянган ҳолда тиббий хизматни такомиллаштиришга йўналтирилган фаолият эътиборга моликдир, - дейди россиялик мутахассис.

Учрашув ва мулоқотларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш муҳимлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Зеро, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзалдир.

Севара ҒОЗИЕВА.