Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Қамчиқ довони орқали 19 километрлик ноёб туннелни ўз ичига олган Ангрен - Поп электрлаштирилган темир йўли очилгани мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа, водий билан воҳани боғловчи яна бир асосий йўналишлардан бири бўлди. Бир сўз билан айтганда, бу йўл Наманган вилоятининг муҳим транзит ҳудудига айланишини ҳам таъминлади. Вилоятда барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 7 - 8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида кўп қаватли тураржойларни белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш, аҳоли учун зарур шароитлар яратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар бериб, Республика ихтисослаштирилган кардиология ва эндокринология илмий-амалий марказлари Наманган филиаллари биноларини реконструкция қилиш, уларни малакали кадрлар ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш борасида ҳам кўрсатма берган эди.
Шу билан бирга, вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари биноларини ҳам қайта таъмирлаш ва имкониятларини кенгайтириш ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникада ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ олиб борилиб, фойдаланишга топширилди. Бу жараённи амалга ошириш учун бюджет ва ҳомийлар ҳисобидан 1,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Мақсад - аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш.
Яқинда Наманган шаҳрига уюштирган хизмат сафаримизда ана шундай ислоҳотлар, хусусан, 10-сонли оилавий поликлиниканинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Айтиш жоизки, 55 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган мазкур муассаса куни кеча фойдаланишга топширилди, янги аппаратуралар билан жиҳозланиб, энг замонавий технологиялар жорий қилинди. Муассасага кирар экансиз, Наманганнинг анъанасига мос тарзда экилган хушбўй гуллар, манзарали дарахтлар, озодалик кишининг диққатини тортиб, ҳар бир инсон, айниқса, бемор қалбига чексиз завқ улашади. Бир-биридан чаққон, ширинсўз ҳамширалар сизни кўп овора қилмай рўйхатхона сари чорлайди. Айтиш жоизки, мамлакатимиз вилоятлари ичида биринчилардан бўлиб, ушбу поликлиникада автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди. Бу эса бир қанча қулайликларни яратмоқда, хусусан, биргина қабулхонанинг ўзида навбат кутиш ҳолатларига барҳам берилиб, беморларнинг тиббий карталари электронлаштириляпти. Эътирофлиси, аҳоли уйидан туриб, интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри шифокор қабулига ёзилиш имкониятига эга бўлди. Натижада унинг вақти тежалиб, ортиқча қоғозбозликка ҳам ҳожат қолмади. Шу ўринда бундай тизим фаолиятдаги муҳим янгилик эканини ҳам таъкидлаш лозим.
Шокиржон ҲАЙДАРОВ,
Наманган шаҳар 10-сонли оилавий поликлиника бош шифокори:
- 5 нафар умумий амалиёт шифокори, 110 нафар ҳамшира (шундан 70 нафари умумий амалиёт ҳамшираси), невропатолог, жарроҳ, окулист, ЛОР, стоматолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан жами 55 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган поликлиникамизда шаҳар ҳокимининг 2017 йил 5 майдаги 87-сонли фармойишига асосан 1 миллиард 600 миллион сўмлик реконструкция ишлари жадал олиб борилиб, фойдаланишга топширилди. 2011 йилдан оилавий поликлиника шаклида фаолият юритаётган мазкур бино деярли талабга жавоб бермас эди. Сабаби, муассасада зарурий хоналар йўқ, бино эскирган, ичимлик суви, электр ва иситиш тизимлари яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Кадрлар масаласи, яъни умумий амалиёт шифокори, ҳамширалари ва тор соҳа мутахассисларининг етишмаслиги ҳам бизни ўйлантираётган муаммоларимиздан бири ҳисобланарди. Реконструкция қилиш даврида шу каби долзарб масалалар юзасидан аҳоли билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикрлари ўрганилди. Энг аввало, клиник функционал диагностика хоналарини ташкил этдик. Аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдамини тўла-тўкис кўрсатишда юқорида санаб ўтилган муаммолар бартараф этилди. Кўриб турганингиздек, икки қаватли бинода функционал диагностика, тор соҳа мутахассислари, ЭКГ, УТД, физиотерапия хоналари ҳамда фитобар жой олган. Ҳозирда шаҳар тез тиббий ёрдам марказининг 5 та бригададан иборат бўлими поликлиникамизда фаолият юритмоқда. Халққа узлуксиз тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида уларга 8 та хона ажратилди. Мақсад: тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш. Бундан ташқари, ҳар бир умумий амалиёт шифокори учун 2 тадан хона ажратилиб, улар "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан берилган замонавий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Айниқса, Президентимизнинг таклифига биноан поликлиникамизда ахборот коммуникациялари тизими жорий қилинганлиги, нафақат аҳоли, балки соҳа ходимларини ҳам бирдек қувонтирмоқда. Сабаби, иш жараёни тезлашади, навбат кутиб туриш ҳолатларининг олди олинади. Шунингдек, "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан ўтган йилдан буён жами 47 миллион сўмлик замонавий асбоб-ускуналар тақдим этилди. Сентябрь ойида яна 10 дона компьютер берилиши режалаштирилган. Хоналарга компьютер системаси ўрнатилгач, бу борада ҳам мутахассислар шаҳар компьютерлаш ўқув марказида ўқиб, малака оширишди. Аҳолини тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш мақсадида Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан яқинда янги "Матиз" автомашинаси топширилди. Умумий амалиёт шифокори ҳамда ҳамширалари мазкур автомашинада хонадонларга бориб, патронаж хизмати кўрсатишмоқда. Бунинг баробарида, ҳомиладор аёллар, 1 ёшгача бўлган болалар, ётиб қолган бемор, кекса ва боқувчисини йўқотганлар уйларига ЭКГ, УТД аппаратураларини ҳам олиб бориб текширувдан ўтказишмоқда. Тўғрисини айтсам, поликлиниканинг реконструкция қилиниб, жаҳон стандартлари асосида иш олиб боришига шароит яратиб берилиши давлатимиз томонидан тиббиётга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ифодаси ҳамда истиқлолимизнинг 26 йиллик тўйига муносиб туҳфа бўлди.
Бугун мамлакатимизда бирламчи тиббий санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш борасида қатор меъёрий-қонуний ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартда "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилиниб, унинг ижроси юзасидан оилавий поликлиникалар хизмат кўрсатиш вақти эрталаб соат 8:00 дан кечқурун соат 20:00 гача узайтирилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокорлари билан бирга 6 нафар тор соҳа мутахассиси, жумладан, педиатр, терапевт, гинеколог, хирург, стоматолог, УТД шифокори фаолияти йўлга қўйилди.
- Менга иккита - "Гулбоғ" ҳамда "Яккасада" маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ўтган вақт мобайнида жами 9 минг 212 нафар аҳолини тўлиқ патронаж хизмати билан қамраб олдим, - дейди умумий амалиёт шифокори Марҳабо Ҳошимова. - Гувоҳи бўлиб турганимиздек, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, самарали фаолиятлар олиб борилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири, оилавий поликлиникамизда ҳам амалга оширилди. Кўриб турганингиздек, муассасамиз реконструкция қилиниб, жаҳон андозаларига мос тарзда фаолият юритиш учун барча шарт-шароитлар яратилди. "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан тақдим этилган асбоб-ускуналар ҳамда "Матиз" русумли автомашина, энг муҳими, электрон тизим жорий этилгани ишимизни анча енгиллаштирди. Аҳоли овора бўлиб навбат кутмасдан, уйидан қабулга ёзилиб, белгиланган вақтга келади. Бу нафақат аҳоли, балки фаолиятимизга ҳам қўл келмоқда. Бу каби имкониятлар соҳа ходимларини ишимизга масъулият билан ёндашиб, аҳоли саломатлигини асрашда астойдил хизмат қилишимизга ундайди.
Янги ҳаёт кўчаси, Низомовлар хонадони. Умумий амалиёт шифокори ҳамда патронаж ҳамшираси ушбу оила аъзоларини тиббий текширувдан ўтказиб, ўз мулоҳазаларини айтишди.
- Мана, ҳозир Мадина ая Турғунованинг қон босимини ўлчаб кўрдик, - дейди умумий амалиёт ҳамшираси Доно Абдумажитова. - Фонендоскопимиз аянинг қон босими меъёрида эканлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, бир ёшли кичкинтой Маҳаммадалининг саломатлигини ҳам текширдик. Бола яхши парвариш қилинмоқда, унда ҳеч қандай касаллик белгилари йўқ. Бундан ташқари яна поликлиникамиз ҳудудида жойлашган хонадонларга чиқиб, ёш оналарга ҳомиладорлик давридаги ўзгаришлар, тўғри овқатланиш, хавфли омилларнинг олдини олиш борасида тавсия ва маслаҳатлар берамиз. "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан берилган патронаж сумкасида фаолиятимизни амалга ошириш учун зарур тиббий асбоб-ускуналар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг махсус буйруғи асосида хонадонларга чуқур кириб боришимиз бизни аҳоли билан янада боғлаб, уларнинг саломатлиги борасида доим хабардор бўлишимизга ёрдам беряпти. Зеро, Юртбошимиз айтганларидек, тиббиёт ходими халқ билан давлат ўртасидаги кўприкдир.
Соҳа ходимлари билан ҳудудларга чиқиб, бевосита патронаж тизими амалга оширилаётган жараёнда иштирок этдик. Мутахассисларнинг фаолиятига жавобан аҳолининг ҳам тиббий маданияти янада ошиб, ўз соғлиғига бефарқ эмаслиги, оилавий поликлиникада яратилган шароитдан мамнунлигини сезиш қийин эмас.
- Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, халқ розилигини олиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда, - дейди наманганлик Муаззам Эркинова. - Жумладан, бирламчи тиббиёт тизими, оилавий поликлиникалар фаолияти янада такомиллаштирилмоқда, малакали кадрлар жалб этилиб, моддий-техник базаси ҳам тубдан яхшиланмоқда. Ҳудудимизда жойлашган 10-сонли оилавий поликлиника биноси қайта реконструкция қилиниб, энг сўнгги ахборот коммуникация технологияларининг жорий қилингани Мустақиллик байрамига совға бўлди. Бу эса ҳудудимиз аҳолиси учун катта қулайликлар яратмоқда. Мана, ҳозир интернет орқали поликлиникада стоматолог қабулига ёздириб қўйдим. Ундаги дастурлар содда қилиб тузилган.
Муассасада 3-4 нафар бемордан сўнг киришни кутиб ўтирмасдан, йўл-йўлакай бошқа ишларимни ҳам қилиб келаман. Ўз навбатида бизга ана шундай шароит яратиб бераётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлигимни билдираман.
Биласиз, мамлакатимизда яхши анъана мавжуд. Байрам кунларида янги иншоотлар, кенг, равон кўприклар, нурафшон йўллар, замонавий таълим даргоҳларию намунали тиббиёт муассасаларининг фойдаланишга топширилиши урфга айланган. Истиқлолимизнинг 26 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган кўплаб бунёдкорлик намуналари қаторида Наманган шаҳридаги замонавий 10-сонли оилавий поликлиника ҳам инсон манфаатлари ва саломатлигини муҳофаза қилишда ўз ҳиссасини қўшишига ишончимиз комил.
Жонибек МАЪРУПОВ.
Муаллиф олган суратлар.
(«O`zbekistonda sjg`liqni saqlash -
Здравоохранение Узбекистана»
газетасининг 36-сонидан олинди).