- Акмалхон Содирхонович, хушхабарнинг қаноти бор деганларидай, бу янгилик ҳақида Ўзбекис­тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги газетасида ҳам дастлабки махсус мақола чоп этилди. Наманганлик шифокорларнинг электрон қабулга ўтиши ғоят ижобий ҳол. Бошқача айтганда, поликлиникалар фаолиятини тартибга солади, врачлар қабули самарадорлигини оширади, беморлар учун катта қулайликлар туғдиради. Шундай экан, даставвал унинг амалиётга тадбиқ қилиниши, давлат томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор ҳақида маълумотлар берсангиз?

- Кейинги пайтда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасининг Миллий интеграциялаштирилган ахборот тизимидаги "Соғлиқни сақлаш" ахборот тизимлари комплексининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона электрон тиббий картасини яратишга ғоят муҳим масала сифатида қаралмоқда. Бу вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармонида тасдиқланган Давлат дастури иловасида ҳам ўз ифодасини топган. Кўзда тутилган мақсадга эришиш учун аввало, шароит ва имкониятлар яратилиши лозим эди. Йилнинг ўтган етти ойи давомида бунга эришилди. Электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш" "UZMEDINFO" Маркази томонидан муваффақиятли пилот синовларидан ўтган интернет глобал тармоқ воситаси билан электрон регистратурага ва шифокор қабулига ёзилишга эга бўлган "Электрон поликлиника" ААТ, яъни ихтисослаштирилган автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тизимдаги масъул раҳбарлар учун қуйидагилар асосий вазифалар қилиб қўйилди:

- рўйхатга олишдаги тиббий ходимларнинг ва беморлар билан ишлайдиган шифокорларнинг иш жойлари тўкислигини таъминлаш учун компьютер жиҳозлари ва принтерларни ўз вақтида сотиб олиш;

- рўйхатга олишдаги тиббий ходимларнинг ва беморлар билан ишлайдиган шифокорларнинг компьютерлари талаблар даражасида ишлашини йўлга қўймоқ учун локал тармоқларини яратиш;

- навбатни бошқариш тизимидан беморларга маълумотларга оид хабар бериш мақсадида ахборот панеллари (телевизорлар)ни сотиб олиш ва ўрнатиш;

- алоқа каналлари (бунда 2 Мб/сек кам бўлмаган TAS-IX зонасидаги юқори тезликдаги ва кафолатланган каналлари) учун ҳар ойга абонент тўловларини олдиндан амалга ошириш;

- бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида барча рўйхатга олишдаги тиббий ходимларни ва беморлар билан ишлайдиган шифокорларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпоратив тармоғига улаш.

Буларга деярли эришилмоқда.

- Энди оилавий поликлиника бош врачлари зиммасига қандай вазифалар юклатилганига тўхталсангиз?

- Улар "Электрон поликлиника" ААТдаги барча ходимларнинг узлуксиз ишлашини, бу жараённинг муваффақиятини таъминлашга тўла жавобгардирлар. Шу йилнинг 1 ноябригача хизмат кўрсатиш участкаларига бириктирилган ҳолда барча аҳоли ахборот тизимига киритилади. 2018 йилнинг 1 январига қадар тиббий ёзувларни беморларнинг қоғоз карталаридан ахборот тизимига ўтказилади. Кейин эса беморларнинг тиббий ёзувлари қоғозсиз олиб бориш амалга оширилади.

- Электрон қабул жараёнини содда қилиб, газетхонларга тушунтириб берсангиз?

- Уйда ўтирган кишида поликлиника хизматидан фойдаланиш эҳтиёжи туғилса, у компьютери ёки мобил телефони орқали интернетга уланади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг reg.minzdrav.uz сайтига киради. Сайтда республикадаги барча оила поликлиникалари мавжуд. Намангандагиларини очиб, ўзига хизмат кўрсатадиганининг рўйхатхонасига боғланади. Сўнг врачлар ҳақидаги маълумотномага кўз югуртиради. Қайси мутахассис унинг учун керакли бўлса, ўшанинг қабулига ёзилишга ҳаракат қилади. Чунки, бу ерда қабул ойнаси ҳам бор. Унда қайси куни, қай вақтда ким навбатдалиги ва врачнинг бўш пайти акс этиб туради. Бўш вақтини аниқлаштириб, борадиган соату дақиқасигача белгилайди. Бу билан врачни олдиндан банд қилиб қўяди. Белгиланган вақтда поликлиникада бўлади, врачга учрайди. Ўзининг ҳам, врачнинг ҳам бир дақиқа вақти кутишга ё куттиришга сарф бўлмайди.

Поликлиника залига қўйилган катта ягона ойна монитордан қайси врачнинг қабулига кимлар ёзилгани-ю, ҳозир қайси рақамли фуқаронинг (беморнинг) нав­бати эканини унинг олдига бормай, учрамай турибоқ кўриб-билиб олиш мумкин.

- Тўғрисини айтганда, бундан ўн йил аввал шу гаплар айтилганида, хаёл ёки чўпчак деб ўйлашимиз мумкин эди. Электрон қабулнинг бошланиши беморларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг ахборот-технологиялари асридаги яна бир ёрқин намойиши, истиқлол ислоҳотларининг ғоят қувончли шарофати десак арзийди. Янгилик кенг қулоч ёядими?

- Шак-шубҳасиз. Биринчи иш бошланган 10-поликлиникада кўргазмали семинар ташкилладик. Энди барча шаҳар ва туманлардаги қишлоқ оила поликлиникаларининг ААТга ўтказилиши янада жадаллашади.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.