Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Нотиқ юртимиздаги "Саховат", "Мурувват" уйларида кўрсатилаётган хизматларнинг кафолатланган меъёрлари белгилаб берилганлиги, муассалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ҳомийларни кенг кўламда жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилганлигига тўхталди.

"Эзгуликни муқаддас билган хал­қим" анъанавий хайрия тадбири доирасида ўтказилган "Энг яхши ҳужжатли фильм" кўрик-танловида фаол иштирок этгани учун Поп "Мурувват" ногиронлар учун эркаклар интернат уйи директори ўринбосари, журналист Фурқат Мамажонов тадбир ташкилотчиларининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

- Яратган кинофильмимизда ногиронликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар нақадар муҳимлигини талқин қилдик, - дейди Ф. Мамажонов.

Шунингдек, тадбирда ногиронлар томонидан қўлда чизилган расм­лар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Айниқса, Поп "Мурувват" ногиронлар учун эркаклар интернат уйи яшовчиси Борис Ли томонидан тақдим этилган ранг-баранг расмлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шу боис "Мурувват" уйи директори Моҳинисса Мариповага ҳам мазкур танловнинг ташаккурномаси топширилди.