Вилоятимизда ҳам аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган тиббий хизматни янги поғонага кўтариш, хусусий тиббиёт муассасалари ишини замон талаблари даражасида ривожлантириш, оналик ва болалик муҳофазасини янада яхшилаш, бирламчи тиббий- санитария ёрдами муассасалари фаолиятини тубдан ўзгартириш чоралари кўрилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш доимий эътиборда турибди. Тизимдаги кенг кўламли ислоҳотлар баробарида мавжуд 211 та қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 62 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 75 та қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида уларнинг хизмат кўрсатиш вақти эрталаб соат 8 дан кечқурун соат 20 гача узайтирилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокорлари билан бирга олтита тор соҳа мутахассислари, жумладан, педиатр, терапевт, гинеколог, хирург, стоматолог, УТТ врачи фаолияти йўлга қў¬йилди.

Шу билан бирга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари биноларини ҳам қайта таъмирлаш ва имкониятларини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникасини қайта таъмирлаш учун 1,5 миллиард сўмдан ортиқ бюджет ва ҳомийлар маблағи, Учқўрғон туманидаги 38-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳомийлар томонидан 900 миллион сўм ва бюджетдан 270 миллион сўм, Чортоқ туманидаги Ҳазратишох қишлоқ врачлик пунктида эса 195 миллион сўм бюджет, 150 миллион сўм ҳомийлар маблағи сарфланди.

Косонсой туманидаги 5-, Мингбулоқ туманидаги 7-, Наманган туманидаги 12-, Норин туманидаги 19-, Поп туманидаги 21-, Тўрақўрғон туманидаги 27-, Уйчи туманидаги 33-, Чуст туманидаги 45-, Янгиқўрғон туманидаги 60-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлангач бинолар ва ҳудудлар янада кўркам қиёфага кирди. Шунингдек, қайта таъмирланган ўнлаб қишлоқ врачлик пунктлари ҳам юртдошларимизга хизмат қила бошлади.

Таъмирлаш ишлари сифатли амалга оширилганлиги боис Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникасидаги имкониятлар янада кенгайди. 55 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган масканда энг такомиллашган технологиялар қўлланилмоқда. Айниқса, фаолиятга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ этилаётганлиги муҳим янгиликдир.

- Мамлакатимиз вилоятлари ичида биринчи бўлиб, ушбу поликлиникада «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали беморларнинг тиббий карталари электронлаштирилиб, ягона электрон рўйхатга олиш ва Интернет тармоғи орқали тўғри-тўғри шифокор қабулига ёзилиш имконияти яратилди. Янги тизимнинг афзаллиги шундаки, беморларнинг қабули электрон навбатга қўйиш орқали амалга оширилиши натижасида аҳолининг вақти тежалади ва уларнинг давлат бошқаруви идораларига ишончи ортади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Акмалхон Ҳамидхонов.

– Айни пайтда «Элекрон поликлиника» ва «Мед-Дата» автоматлаштирилган ахборот тизимлари Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникалар ва вилоятдаги йирик тиббиёт муассасаларида босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Шу билан бирга тез тиббий ёрдам шаҳобчаси поликлиникага кўчирилганлиги тиббий хизматни узлуксиз, туну кун давом эттириш имконини яратди. 5 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолига хизмат қилмоқда. Тиббий патронаж хизмати учун "Матиз" автомашинаси ажратилганлиги эса уйида ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиш ва мазкур хизмат ишини янада яхшилашда ғоят асқотяпти.

Куни кеча мазкур оилавий поликлиниканинг тақдимот маросими ўтказилди. Уни Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов кириш сўзи билан очди. Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров барчани мустақиликнинг йигирма олти йиллиги билан қутлар экан, Президентимиз раҳнамолигида халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да вилоятимизда рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар, хусусан тиббиётни равнақ топтириш, унинг хизматидан фуқароларни рози қилиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов тибиий хизмат сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган фаолият доираси кенгайиб бораётганлигига эътиборни қаратди. Сўзга чиққанлар одамларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун миннатдорчиликларини изҳор этдилар.