Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий - амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов раҳбарлигидаги олим шифокорлар, тажрибали мутахассислар 15 августда Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида Поп, Мингбулоқ, Чуст туманлари, 16 августда Учқўрғон туманида Учқўрғон,Уйчи ва Норин туманлари, 17 августда Янгиқўрғонда Янгиқўрғон,Чортоқ, Косонсой туманлари, 18 августда Наманган шаҳрида Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Наманган туманларидан келган аҳоли вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар.
- Пойтахтимиздан ташриф буюрган таниқли шифокорлар хизматидан баҳраманд бўлдик. Оғир беморларнинг уйларига бориб ҳолидан хабар олинди. Инсон манфаатларини таъминлаш борасида шунчалик ғамхўрлик кўрсатилганлигидан аҳоли жуда ҳам ҳурсанд, - дейди учқўрғонлик Соҳибжамол Исматова.
Олис ҳудудларда яшовчи аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун сафарга отланган республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари, тиббиёт фанлари докторлари ва юқори малакали мутахассислар акция давомида 3 минг нафардан зиёд беморларни қабул қилдилар. Шулардан салкам минг нафарга яқини болалардир. Тиббий текширувлар пайтида 2,5 минг нафар беморда мавжуд бўлган турли хасталиклар барвақт аниқланди. Касалликларни зудлик билан даволаш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди. 2264 киши амбулатор шароитда, 259 киши эса стационар тартибда соғломлаштириладиган бўлди. 205 нафар бемор вилоят даволаш - профилактика муассасаларида, 54 киши эса республика тиббиёт марказларида саломатлигини тиклаш юзасидан тавсия олди.
- Намангандаги фаолиятимиз давомида маҳаллий ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланди. Юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан уларнинг тушунчасини бойитдик. Олийгоҳимизда уларни ўқитиш дастурларини ишлаб чиқишда яна нималарга аҳамият қаратиш зарурлигини белгилаб олдик, - дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ички касалликлар кафедраси доценти Дилором Ҳатамова.
Тиббий тадбир давомида ҳар бир кишига алоҳида меҳр ва эътибор кўрсатилди. Пировардида кўплаб юртдошларимизнинг узоғи яқин бўлиб, вақтлари тежалди. Энг муҳими, чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда жиддий асоратлар қолдириши мумкин бўлган хасталикларга аниқ ташхис қўйилиб, уларни бартараф этишга киришилди.