2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб аталиши эса, кимларни қувонтирмади, кимларни янгидан-янги эзгу ниятлар билан мамлакат тараққиётига янада фаолроқ ҳисса қўшишга интилтирмади, дейсиз. Барчанинг бирдай эртанги порлоқ истиқболни кўзлаган ислоҳотларнинг эркин ва фаровон хаётимиз бардавомлиги кафолоти эканини яхши англаган ҳолда ўз соҳасида тиним билмаётгани шундан далолатдир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббиёт тармоғида рўёбга чиқарилган кенг қамровли ислоҳотларда халқни соғ­ломлаштириш мақсади устуворлиги шарофатидан бу борадаги ўзгаришлар муҳим аҳамият касб этиб келди. Бугун эса, ҳеч муболағисиз айтиш мумкинки, Президентмиз Шавкат Мирзиёев тиббий хизматлардан халқ розилигига эришишни ғоят муҳим ва ғоят қатъий масала қилиб қўйдилар. Йилимиз илк кунларидан бошланган алоҳида эътиборлари ойма-ой муттасил кучаяётгани пойтахтдаги йирик ихтисослашган муассасалардан тортиб, мамлакатнинг вилоят ва туманлардаги катта-ю кичик шахобчалар фаолиятида қувончли ўзгаришларнинг асосига айланиб қолди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январь куни соғлиқни сақлашни бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувида, шунингдек, 7 февралдаги видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилиб, соҳани ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги камчилик ва нуқсонларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталди.

Биз тиббиёт ходимлари олдига қўйилган вазифалар фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишни, тизимнинг барча йўналишларида кескин бурилиш ясаш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини бугунги кун талаблари асосида юксалтиришни тақазо этмоқда. Чунки, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, халқимизнинг ишончига эришишимиз ва оммани ишонтира олишимиз учун жуда кўп ишлар қилишимиз лозим.

Президентимиз "Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак. Бунинг учун шифокорларнинг маданияти, маънавияти, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш зарур" деб алоҳида уқтирганлар. Вилоятимизда бу борада кенг қамровли чора-тадбирларни узлуксиз амалга оширишни ҳар вақт ўзимизнинг доимий диққат марказимизда тутамиз.

Бугун ҳар бир шифокор кўнглида бир савол уйғонган, у ҳам бўлса: "Хизматимиздан одамлар хурсандми, розими?" деган саволдир. Мана шу саволнинг ўзиёқ уларни астойдил ҳаракатга солиб қўйган. Врачу ҳамширалар ўз фаолиятларига танқидий қарашга ўрганишяпти. Шахсий манфаатдан халқ манфаатини ҳамиша устун қўйиш, ўзгалар ташвишини астойдил чекиш хислатлари барқарорлашяпти. Беморни кутиб олишда ҳам, муомала жараёнида ҳам, кузатиш чоғида ҳам чинакамига халқ хизматкори деган номга муносибликка интилишмоқда.

Президентимиз бизларга берган топшириқларининг ўз вақтида, тўла-тўкис бажарилишини кафолотловчи Фармонлар чиқариб, Қарорлар қабул қилиб, тиббиётимиз ривожини тезлаштириш имконини яратиб қўяётганликлари айни муддао бўлмоқда. 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонларида бу борада олиб борилаётган ишларнинг натижалари эътироф этилиши билан бирга: "Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермайди, тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмаслигича қолмоқда" деб алоҳида кўрсатиб ўтилган эди. Шундан сўнг қисқа фурсатда ижобий ўзгаришлар ясашга жадал киришиб кетилди. Аниқроғи, март ойи сўнг­гидаёқ вилоятимизга 33 та "Дамас" АМБ санитар автомашинаси берилди. Улар Наманган шаҳри ва барча туманларнинг тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги муассасаларга тарқатилди. Июнь ойида эса яна ана шундай 12 та техника воситаси ажратилди. Барчаси қуйи бўғинлар ихтиёрига ўтказилди. Августда вилоят ҳокими ташаббуси ва эътибори билан яна 8 та шундай техника тез тиббий хизмат бўлимига берилди.

Ҳозирда янги машиналар хизмат кўрсатишни анча осонлаштирди. Энг муҳими, врачу ўрта тиббиёт ходимларимизнинг беморлар чақириқларига қисқа фурсатда етиб бориш имкониятлари яхшиланди. Илгарилари дори-дармон таъминоти нотўкислигидан беморлар нолишган, шифокорларимиз ҳижолат чекишган ҳоллари кўп бор юз берган бўлса,эндиликда бундай номақбул манзарага чек қўйилди ҳисоб. Давлат таъминотидаги барча муассасаларимизда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишлаб чиққан нормативлари асосида махсус бригадаларнинг ҳар бирига 41 турдаги, йўналишдаги бригада учун 36 турдаги дори-дармонлар етказиб турилибди. Бошқача айтганда, уларнинг миқдори 2016 йилдагига нисбатан 2 бараварга кўпайди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилоят филиалида маълумотларини узатишнинг ягона тармоғи бирлаштирилди. Вилоятимизнинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати яхшиланмоқда. Барча қулай шароитлар яратилган, ҳар бир диспетчер учун алоҳида кабина ажратилган. Марказнинг барча санитар автотранспортлари GPS навигаторлари билан жиҳозланган. Айни пайтда диспетчерлик пунктида монитор орқали санитар автотранспортлар доимий назоратга олинган.

Тез тиббий ёрдам мутахассислари профессионаллигини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Санкт-Петербургдаги Д.Джанелидзе номидаги тез тиббий ёрдам илмий-текшириш институти билан самарали ҳамкорлик ўрнатган. Шунинг учун яқинда 1 нафар врач Россияда малака ошириб қайтди. Бир гуруҳлари Япониядаги Токио тиббиёт университетига ўз малакаларни мукаммаллашга юборилди.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сонли қарорига мувофиқ барча туманлардаги қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилди. Бу бирламчи тизим ишини такомиллаштириш йўлидаги янги қадамдир. Агар қарор қабул қилингунча вилоятимиз бў­йича фақат 211 та қишлоқ врачлик пунктлари фаолият юритиб келган бўлса, ҳозирда ҚВПларнинг 75 таси қолдирилди. 62 таси қишлоқ оилавий поликлиникасига айлантирилди. 72 таси поликлиникаларнинг тез тиббий ёрдам бригадалари маскани бўлди.

Мустақилликкача поликлиника деганда туман ва шаҳар марказидаги ягона тиббий муассаса кўз олдимизга келарди, холос. Истиқлол шарофати туфайли Наманган шаҳрининг ўзида 13 та оилавий поликлиника очилиб, врачлар кўп сонли аҳолига яқин жойларда беморларни қабул қиларди, патронаж ҳамширалар маҳаллаларда кўчама-кўча юриб, хонадонларда касалликларнинг олдини олиш билан шуғулланарди. Бу борадаги шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги фарқ яқинда бартараф этилди. Яъни қишлоқ оилавий поликлиникаларнинг пайдо бўлиши катта афзалликларга эга. ҚВПларда умумий амалиёт шифокорлари ва яна қўшимча равишда айрим мутахассислар беморларни даволашган бўлса, ҚОПларда жарроҳлар, терапевтлар, педиатрлар,акушер-гинекологлар, стоматологлар эртадан-кечгача халқ хизматига тайёр туришади. Кундузги даволаш муолажаларигача имконият яратиб қўйилган.

Президентимиз нафақат давлат муассасаларини юксалтиришга, шу билан баб-баравар равишда хусусий сектор тараққиётига ғамхўликни кучайтирмоқда. 2017 йилни 1 апрелида қабул қилинган "Соғ­лиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори тадбиркор тиббиётчиларимиз учун янада кенгроқ қанот ёзиш муҳитини яратди, десак айни ҳақиқатдир. Мазкур ПҚ-2863-сонли Қарор чиққунига қадар вилоятимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 260 тани ташкил этган бўлса, сўнгги тўрт ойда улар ёнига яна 5 таси қўшилди. Бугунги кунда мавжуд 265 та хусусий муассасанинг 162 таси амбулатор, 103 таси стационар шароитида иш юритади. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, улардан 4 таси тор доирадаги ихтисосликлар йўналишида ўз фаолиятини кенгайтирди. Яна бир неча тадбиркор-шифокорлар шундай ҳаракатда. Одамларнинг талаб ва эҳтиёжларига мувофиқ ҳолда муаммоларсиз, сифатли ва самарали хизмат кўрсатишга давлат томонидан кўрсатилаётган рағбатлар халқимизга манзур бўлаверади, албатта.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда юқори малакали ва юқори технологияга ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатишнинг яхлит тизими шакллантирилгани ҳам эл саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун 2017 йил 20 июнда Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди. Қарор асосида бу борада ҳам ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Келгусида ихтисослашган марказларнинг вилоятимиздаги филиаллари хизматидан аҳоли баҳраманд бўлади. Бунгача ҳам зарур тадбирлар ташкилланяпти. Пойтахтдаги академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган хирургия маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, Республика ихтисослаштирилган урология маркази, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий- амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг олим-шифокорлари Наманганга ташриф буюришиб, аҳолига катта қулайлик туғдиришди. Энди беморлар врач ҳузурида эмас, врачлар беморлар ҳузурида бўлишяпти. Бу асли ноаънанавий ташриф бўлса-да, келгусида мунтазамлилик касб этиб, анъанавийлик тусига кириши шубҳасиз.