Ҳозирги кунда мазкур қарор билан тасдиқланган  "Тиббий меҳнат экспертиза комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронлик белгилаш тўғрисида"ги Низом асосида ТМЭКларда иш олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, касалликка чалиниш ва вақти-вақти билан шифохоналарда даволаниш бу ногиронлик деган тушунча эмас. Аслида жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон, деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахсларгина ногирон дейилади.

Тиббий меҳнат экспертизасида кўрикдан ўтишда ҳар бир ҳолатда касаллик ёки нуқсоннинг хусусиятидан қатъий назар бемор организмининг барча тизимлари комплекс текширишдан ўтказилади. Соғлиқни ҳолатини ва ижтимоий мослашиш даражасини холисона баҳолаш мақсадида функционал ҳамда лабаратория текширув маълумотларидан фойдаланилади. Меҳнат лаёқатини йўқотиш даражасига қараб кўрикдан ўтувчига ногиронликнинг биринчи, иккинчи ва учинчи гуруҳи белгиланади.

Беморнинг касбий меҳнат фаолиятига, шахси билан боғлиқ хусусиятлар, унинг ижтимоий мослашиш имкониятларига эътибор қаратилади. Организм функциялари бузилишининг асосий турлари қуйидагиларни ўз ичига олади.

- психик, яъни идрок қилиш, диққат-эътибор, хотира, тафаккур, интелект, ҳис-туйғу, ирода, онг, хулқ-атвор, психомотор функцияларнинг бузилиши;

- тил ва нутқ функцияларининг, яъни оғзаки - ринолалия, дизартрия, дудуқланиш, алалия, афазия ва ёзма - дисграфия, дислексия ҳолатларининг, вебрал ва новебрал нутқнинг, овоз  ҳосил бўлишнинг бузилиши;

- сенсор функциялар (кўриш, эшитиш, ҳид билиш, сезиш, тактил, оғриқ, ҳарорат ва бошқа сезувчанлик)нинг бузилиши.

Хулоса қилиб айтганда, ногиронлик умрбод эмас. Ундан қутилиш беморларнинг ўзига боғлиқ. Чунки, бугунги замонавий тиббиёт орқали беморларимиз соғайиб, яна аввалги ҳолатларига қайтишлари мумкин. Бунинг учун улар аввало ўзларида руҳий куч ва ирода топишлари лозим бўлади.

Манзура ЖАББОРОВА,

51-сонли Учқўрғон туманлараро ТМЭК раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси, эксперт-невропатолог.