Учқўрғон тумани Қайқи қишлоғининг Боғ кўча маҳалласида яшовчи Ҳомидхон ҳожи ота Алихонов юқоридаги каби фазилатларни ўзида тўла мужассам этган шифокорлардан саналади. Табаррук 88 ёшга кирган бу инсонни нафақат туманимизда, балки вилоятимизда ҳам жуда яхши билишади.
Қишлоқдаги 8-мактабни битириб, Андижон тиббиёт билим юртига ўқишга кирган Ҳомидхон 1953 йилда қишлоқ касалхонасига ишга келади. Беш йил ўрта тиббиёт ходими бўлиб ишлайди. Сўнгра, 1958-1964 йиллар давомида Андижон Давлат тиббиёт институтига кириб ўқийди.
Тиришқоқ ва изланувчан ёш кадрга орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Қайқи қишлоқ касалхонаси бош врачи вазифаси топширилади. 1968-1995 йилларда туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири ўринбосари, шаҳар ички ишлар бўлимида бош врач сифатида фаолият кўрсатади.
Ҳомидхон ака қаерда ишламасин, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, тиббиёт масканларининг молиявий ҳолатини яхшилаш, қўшимча бинолар қуришга эришиш ҳаракатида тиниб-тинчимади. Ўша пайтда олийгоҳни тамомлаб келган Ҳошимжон Охунжонов, Тўлқинбой Хўжаев, Ҳусанбой Тўраев, Муҳиддин Қаҳҳоров, Садриддин Тўраев каби эл суйган шифокорларга устозлик қилди.
У нафақага чиққандан кейин ҳам шогирдларига яқиндан ёрдам бериб турди. Қимматли маслаҳатларини аямади. Шифокорнинг кўп йиллик самарали хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони, бир қатор Фахрий ёрлиқлар билан сийланган.
Истиқлол шарофати туфайли Ҳамидхон ака 2000 йилда муборак ҳаж зиёратига бориб келди. Отахон оилада турмуш ўртоқлари Хосиятхон опа билан ярим аср тотув яшаб, олти нафар фарзандни вояга етказишди. Бир кам дунё экан. Хосият опа 2006 йилда вафот этдилар. Фарзандларининг бари эл хизматида. Катта ўғил Низомжон тиббиёт фанлари номзоди, шифокор Холисхон ҳам ота изидан боряпти. Қолган болалари муҳандис, ўқитувчи, иқтисодчи бўлиб ишлашади. Отахоннинг ҳозирда 21 невара, 8 нафар чевараси бор.
- Бобомга ўхшаган шифокор бўламан, деган эзгу мақсадда тинмай изланаяпман, - дейди тиббиёт олийгоҳи талабаси Оқилхон Ҳомидхонов.
Ҳа, юртини, касбини, оиласини севган, ардоқлаган инсон чинакам бахт соҳибидир. Ҳомидхон отанинг умр йўллари ёшларга шу жиҳатдан ҳамиша ибрат бўла олади.
Адашали БЕКМИРЗАЕВ.