Далатимиз раҳбарининг мазкур топшириғи ижроси доирасида чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини юқори малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш мақсадида "Саломатлик" поездлари сафарга отланди. Унинг таркибидаги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари, тиббиёт фанлари докторлари ва юқори малакали мутахассислардан иборат гуруҳ вилоятимизга ҳам етиб келди. Олим шифокорлар фаолиятни Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида бошлашди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги байрами олдидан амалга оширилаётган тиббий тадбирнинг очилиш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимовлар истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш соҳасида юз берган ўзгаришлар, мазкур акция боис малакали тиббий хизматдан олис ҳудудларда яшовчи кишилар баҳраманд бўлаётганлигини таъкидладилар.

Дарҳақиқат ушбу кўрикларни ҳар томонлама юқори савияда ташкил этиш ва аҳолининг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож қатламини тўлиқ қамраб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида пухта тайёргарлик кўрилди. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва мамлакатимизнинг бир қатор етакчи клиникалари вакилларидан ўн бир нафари вилоятимизга жўнатилди. Олий тоифали эндокринолог, кардиолог, жарроҳ, невропотолог, офтальмолог, терапевт, травматолог, уролог, педиатрлар орасида тиббиёт фанлари номзод ва докторлари, профессорлар бор. Улар вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб боришяпти.

Президентимиз топшириғига кўра, ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар одамларнинг узоғини яқин қилиб, турли дардлардан халос этиш учун шароит яратмоқда. Бу жараёнда ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тўшакда ётиб қолган қариялар ва беморлар ҳолидан зарур тиббий асбоб-ускуналар билан уйига бориб хабар олинмоқда. Кўриклар натижасида аниқланган беморларнинг амбулатор шароитда вилоят ва республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида ва республика ихтисослаштирилган марказларида ўрнатилган тартибда соғ­ломлаштирилиши ҳам кўзда тутилган. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда кексаларга чуқурлаштирилган текширувлардан олинган натижаларга қараб санатор-курортларга тавсия­лар берилмоқда.

- Ҳозиргина малакали врач қабулида бўлдим. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ички касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Дилором Ҳотамова саломатлигимни текшириб кўриб, узоқ вақт мобайнида безовта қилаётган хасталикдан қутулиш юзасидан тавсиялар бердилар. Беморлар учун шу қадар ғамхўрлик кўрсатилаётганлигидан беҳад миннатдормиз

Эътиборли томони, ушбу тадбир фақатгина тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилмаган. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан борган малакали мутахассислар маҳаллий шифокорларга мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва даволаш усуллари бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтишмоқда.

Ўтказилаётган мазкур тиббий кўриклар ҳафталиги доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ва мулоқотлар ҳам олиб борилаётир.