Маънавий-маърифий ва мафкуравий ишлар ҳеч қачон ҳозиргидек долзарблик касб этмаганини ҳар бир киши чуқур англаб етмоғи шарт. Чунки, маънавий ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлгани, мафкуравий таҳдид ва ахборот хуружи кундан-кун кучайиб бораётгани, одамлар онги ва қалбини эгаллаш йўлидаги курашнинг авжига чиқаётгани бизни асло бепарво қолдириши мумкин эмас. Бу ҳаётнинг барча жабҳалари, ишлаб чиқаришнинг ҳамма соҳалари, аҳолининг ҳар бир қатлами орасида маънавий-маърифий ва мафкуравий тарғиботни янги босқичга кўтариш эҳтиёжини туғдирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлда қабул қилган "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида"ги қарори мазкур жабҳада ҳам янгиланиш ва такомиллаштириш имкониятларини яратиш билан ғоят аҳамиятлидир. Ахир дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар янада кўпайиб кетяпти. Шунинг учун уларга қарши амалга оширилаётган тарғибот ишларини танқидий баҳолаган ҳолда, маънавий жабҳадаги фаолиятни бугунги кун талабларига кўра мукаммаллаштириш эътибордан сира четда қолмаслиги керак.

Қарорда таъкидланганидек: "Мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида энг аввало, давлат бошқаруви органларининг қуйи бўғинлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг халқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, бу борада самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган". Мақсад ва вазифалар аниқ, яъни маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун - мундарижасини тубдан яхшилаш, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтириш, тизимда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг билим ва малакасини изчил ошириб бориш, туман, шаҳар даражасидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг барқарор тизимини йўлга қўйиш, соҳада фаолият олиб бораётган муассасалар ишини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарасини оширишдан иборатдир.

Мазкур ҳужжатга асосан Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил қилинди. У мустаҳкам моддий-техника базасига эга бўлди.

Бундан буён аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ва изчиллигига эришиш учун жамоатчилик, олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлиларни ўз атрофига уюштирган "Маърифат" тарғиботчилар жамияти фаолият юритади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Маънавият ва маърифат кенгаши ишларини мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда такомиллаштира бошладик. Шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмаларида, барча даволаш-профилактика муассасаларида маънавият ва маърифат ишларига раҳбарларнинг ўзларини масъул қилиб қўймоқдамиз. Барча маънавият ва маърифат хоналарини ҳозирги кун талабларига монанд қайта жиҳозлашга киришилмоқда. Уларни компьютерлар билан таъминлаш масаласини ижобий ҳал этиш чоралари кўриляпти. Фақат шифокорларнинг эмас, балки беморларнинг ўртасида ҳам тарғибот тадбирларини изчил ўтказиб бориш режалаштирилмоқда. Хоналарни кўргазмали тар­ғибот воситалари, яъни плакат ва паннолар билан безатиш билангина кифояланиб қолинмаяпти. Муассасаларнинг ҳовлиларигача эътибор қаратиляпти. Яъни кўринарли жойларга истиқлолни улуғловчи шиорлар, ислоҳотлар самарасини ифодаловчи паннолар ўрнатиб қўйилмоқда.

Энди расмиятчилик ва қоғозбозлик даври ўтди. Менимча, фақат амалий тадбирлар, жонли, таъсирчан учрашув ва мулоқотлар билангина халқнинг қалбига йўл топа оламиз. Агар бунга муттасил эриша борсак, мамлакатимизнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясидаги улуғвор вазифалар йилма-йил изчил ва тўкис бажарилишини таъминлашга катта ҳисса қўшган бўламиз, албатта.