Вилоят перинатал маркази мажлислар залида дастлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари ва оналар, болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларининг мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ташкилланди.

Йиғилишда вилоят перинатал маркази директори Юсуфжон Адашев "Ўзбекис­тонда гўдакларни кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда тиббиётнинг роли" мавзусида чиқиш қилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари Матлуба Жамилова, перинатал маркази чақалоқлар бўлими неонатологи Ҳадича Мўминова, чақалоқлар реанимацияси бўлими мудири Матлуба Қосимова, акушерлик бўлими мудири Лолахон Абдуллаевалар мавзуга дахл­дор масалалар юзасидан маърузалар ўқишди.

- Семинар-йиғилиш очиқ мулоқот, савол-жавоблар тарзида ташкиллангани, айниқса, маърузаларда кўтарилган мавзулар долзарблиги ва ҳаётийлиги билан ҳеч кимни беэътибор қолдирмади, - деди Косонсой ТТБ туғруқхона бўлими неонатологи Насиба Ахунжонова биз билан суҳбатда.

Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳафталикка доир чақириқлар, она сутининг аҳамияти ёритилган панно, шиор, плакатлар ва муваффақиятли эмизиш томон ўн бир қадам кўргазмали воситалари билан жиҳозланди. Булар бўлажак ёш оналарнинг тушунчасини бойитади, албатта.

- Вилоят перинатал марказидан бириктирилган мутахассислар тавсиялари асосида ҳафталикка қизғин тайёргарлик кўрдик. Нафақат туғруқхона бўлимимизда балки қишлоқ, маҳалла ва ҳудудларимизда ҳам болага кўкрак сути энг яхши озуқа эканлиги ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилди ва ҳафталик давомида ҳам бу эзгу ишлар асло пасайгани йўқ, - деди неонатолог-врач Замира Қаюмова.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.