Соғлиқни сақлаш вазирлиги нодавлат ташкилотларнинг тиббий фаолиятини лицензиялаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф. Раҳимқулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сонли "Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 июндаги "Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 405-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2017 йил 6 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар юзасидан атрофлича маълумотлар берди. Нотиқ, соҳага оид ҳар бир янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг ижроси борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил тушунчалар берди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари ассоциациясининг вилоят бўлими раиси Н.Сотиволдиев ассоциациянинг вазифалари ҳамда унга аъзо бўлиш тартиб-қоидалари билан таништирди.
"INFORM RIA SERVIS" МЧЖ раҳбари Т. Бессмертний соҳага доир ахборотлар жамланган "Ягона тиббий каталог"ни шарҳлаб ўтди. Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалар учун ташкил этилган замонавий тиббий ускуналар кўргазмасини тақдим қилди. "TASHKENT HEALTH CARE" МЧЖ раҳбари Ж.Асомуддинов ўзи раҳбарлигидаги жамоанинг тажрибаси билан ўртоқлашди. Хориж давлатларидаги тиббиёт марказларидан мутахассисларни жалб этишда эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталди.
Бугунги кунда маҳаллий ва халқаро даражада ўзаро алоқаларни йўлга қўйишда, аҳолига малакали шифокорлар тўғрисидаги маълумотларни етказиш ва уларни учраштириш борасида интернет тармоғида фаолият олиб бораётган "AskDoctor.uz" лойихаси тўғрисида ҳам қисқача сўзлаб берди.
Семинарда мақбуллаштириш натижасида бўшаган қишлоқ врачлик пунктлари бинолари мавжудлиги айтилди. Уларда хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш ёки ўз филиалларини очиш истагида бўлган тадбиркорларга узоқ муддатга фойдаланиш учун берилиши маълум қилинди.
Тадбирда вилоятимизда фаолият олиб бораётган «ЗЗЗ» кўз касалликлари шифохонаси мутахассиси М. Абдурайимов, "Дилбарим шифо" хусусий клиникасининг раҳбари Ҳ. Эргашев, "Сайдана" МЧЖ ҳамда бошқа бир қатор нодавлат тиббиёт муассасалари вакиллари сўзга чиқишиб, юқоридаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Мазкур семинарда вилоятда фаолият юритаётган барча хусусий тиббий муассасалар раҳбарлари ва мутахассислари ўзларини қизиқтирган саволларга керакли жавоблар олишди.
Назиржон ДАВЛАТОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
НТМТКТХСНҚБ бош мутахассиси.