Бугунги кунда дунёда 300 миллион киши унга чалинган. Шунинг учун халқаро миқёсда "Диабетлар куни" ўтказиш ҳам анъанага айланган. Бундан мақсад шуки, одамларга қандли диабет ҳақида тушунча бериш, касалликни эртароқ аниқлаш, асоратларининг олдини олиш ва энг асосийси диабетга қарши курашишдир.

Диспансеримизда бу касалга чалинганларни ўқитиш учун "Диабет мактаби" ташкилланган. Беморларнинг яқинларига ҳам касаллик ҳақида, беморга ғамхўрлик қилиш пайти келганда қандай ёрдам кўрсатиш тушунчаси берилади.

Аввало, бемор шу касаллик билан яшашни ўрганиши лозим. Яъни парҳез билан соғлом турмуш тарзига риоя этиши, жисмоний меҳнат ва бадантарбия билан шуғулланиши, шахсий озодаликка амал қилиши, ўзи учун тўғри касб танлай билиши керак. Тўғри даволаниш, тўлақонли яхши яшаш, узоқ вақт меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш, турли ҳаётий вазиятларда тўғри қарорга кела олиш учун ўз касаллиги ҳақидаги тиббий билимга эга бўлиш ғоят муҳим саналади.

Диабет ошқозоности безининг етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқармаслиги ҳамда организмнинг инсулинни қабул қилиш хусусияти камайганлиги натижасида пайдо бўлади. Бу танада турли ўзгаришларга, қондаги қанд миқдори ошишига олиб келади. Диабетнинг 2 тури бор. Биринчисида, ошқозоности бези гармони инсулинни кам ишлаб чиқаради. Шунинг учун қондаги қанд миқдори ортади. Иккинчисида эса, инсулиннинг таъсири камаяди, оқибатда глюкоза ҳужайра ичига кира олмайди ва қондаги қанд миқдори ортади. Шундан сўнг глюкоза сийдик билан чиқа бошлайди ва қуйидагилар сезилади: кўп чанқаш, тез-тез сийиш, тана вазнининг камайиши, очлик ҳисси, ҳолсизлик, яраларнинг секин битиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, оғиздан ацетон ҳиди келиши.

Диабетнинг келиб чиқишига яна бошқа омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан: қон босимининг юқорилиги, юрак қон-томир касалликлари, семизлик, стресс ҳолатлар, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, номақбул ҳаёт тарзи, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш (углеводлар, ҳайвон ёғлари, хамирли овқатлар, ош тузи ортиқча истеъмол қилиш ва бошқалар) оқибатида рўй бериши кузатилади.

Ҳозирги кунда диабетнинг олдини олиш имкониятлари мавжуд. Бунинг учун қон ва сийдикдаги глюкоза миқдорини текшириб туриш ва қандли диабетни қуйи­даги эрта аниқлаш усулларидан фойдаланиш керак:

1.   Бел айланасини ўлчаш лозим. Эркакларда ўлчам 94, аёлларда 80 сантиметр­дан ортиқ бўлса, диабет олди ҳолати бўлиши мумкин.

2.   Қон босимини ўлчаш даркор. Бунда қон босими 140Ғ90 дан ошса, хавф борлигини кўрсатади.

3. Қондаги қанд миқдорини аниқлаш. Соғлом кишиларда наҳорда қон таркибидаги глюкоза 3,3-5,5 ммольҒл, овқатлангандан сўнг 2 соат ўтгач, 7,5 ммольҒл дан ортмайди. Агар 7,6 ммольҒл дан юқори, куннинг исталган вақтида 11,0 ммольҒл бўлса, диабет борлигидан далолат беради.

Нилуфар ТУРДИАЛИЕВА,

вилоят эндокринология диспансерининг диабетология бўлими мудири, олий тоифали врач-эндокринолог.