Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида эзгу ишлар кўлами тобора ортмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Мазкур конференция ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар доирасида ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзида истиқлол йилларида юртимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса оналик ва болалик муҳофазасига эътбор кучайтирилганлигини таъкидлади.
Анжуман кун тартибига кўра дастлаб "Наманган вилоятида акушерлик ёрдами. Муаммолар ва уларни бартараф этиш" ҳақида Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилбар Нажмутдинованинг маърузаси эшитилди. Нотиқ вилоятда акушерлик ва гинекология соҳаларида олиб борилаётган ибратли ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммоларга эътиборни қаратди.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти акушерлик, гинекология ва перенетал тиббиёт кафедраси мудири, профессор Мунира Асатова "Антенетал парвариш тамойиллари", Тошкент шаҳар бош акушер-гинекологи, профессор Жанна Пахомова "Акушерлик қон кетишларининг ҳусусиятлари, ташхислаш ва даволашдаги замонавий ёндошувлар", Тошкент врачлар малакасини ошириш институти 2-акушерлик ва гинекология кафедраси мудири Феруза Каримова "Сепсис билан беморларни олиб бориш: миллий стандартлар", Тошкент тиббиёт академияси акушерлик ва гинекология кафедраси профессори Гулжаҳон Бобожонова "Сурункали чаноқ оғриғи: ташҳислаш ва даволашнинг замонавий ёндошувлари", Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази илмий котиби Рустам Юсупбаев "Замонавий акушерлик амалиётида кисерача кесиш: асоратлар ва уларнинг олдини олиш усуллари" мавзуларидаги маърузалар билан чиқдилар. Шунингдек, вазирлик бош мутахассислари ва Самарқанд Давлат тиббиёт институти олимларининг маърузалари ҳам тингланди.
- Бугунги анжуман ғоят долзарб мавзуларни қамраб олган. Юртимиз таниқли олим ва олималарининг маърузаларида туғиш ёшидаги аёлларга кўрсатилаётган тиббий хизматни янада юқори пағонага кўтариш ҳақидаги тушунчаларимизни бойитяпмиз, - дейди Фарғона вилояти аҳоли репродуктив саломатлик маркази врач-гинекологи Фотима Абдуллаева. - Шу билан бирга аҳоли, айниқса қизлар ва аёлларнинг тиббий билимларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият бериш зарурлигини ҳис этяпмиз.
Кун бўйи давом этган анжуманда ғоят долзарб масалаларни қамраб олган ўндан зиёд маърузалар қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди. Муҳокамалар, савол-жавоблар чоғида фан ютуқларини амалиёт билан уйғунлаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Ғ. АБДУЛЛАЕВ.