Дарҳақиқат, инсоннинг энг нозик аъзоларидан ҳисобланмиш қулоқ, томоқ, бурун касалликларини даволаш шифокордан анча эҳтиёткорлигу, зукколикни талаб қилади. Ҳабибулло Раҳимов бошчилигидаги жамоага чуқур билим ва юқори малакага эга шифокорлар жамланишган.
Билдикки, 20 ўринли бўлимда пуллик хизмат кўрсатилади. Кам таъминланган оилалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари эса имтиёзли даволанишади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган олий тоифали шифокорлар юз-жағ хирурги Бахтиёр Рустамов, даволовчи врач Муҳсинжон Файзуллаев, ҳамширалар Саодат Хайитова, Феруза Абдуллаева, Муҳаббат Ҳамидуллаева, Иқбола Насриддинова, Маъсуда Мамажонова ва Муҳаббат Маматхоноваларни касбининг чинакам билимдонлари десак асло хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг кўрсатаётган сифатли хизматларидан шифоталаблар ҳамиша мамнунлар.
- Бўлимимизда беморлар учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди биз билан суҳбатда Ҳабибулло Раҳимов. - Инсон саломатлигини сақлашдек бурчимизга доимо садоқат кўрсатиб хизмат қилишдан асло-асло чарчамаймиз. Бош врач Тоҳиржон Бойдадаев, даволаш ишлари бўйича ўринбосар Ҳалимжон Алимов, маънавий-маърифий ишларга масъул Мавлудахон Турсуноваларнинг ҳар ишга бош-қошлиги, жамоадаги аҳиллик бизни элга ҳалол ва фаол хизмат кўрсатишга ундайверади.
Бўлимда бўлганимизда икки томонлама ўткир гайморитдан фориғланган Шахин Мирзамаметов, фурототомия хасталиги билан оғир ҳолатда келган ва саломатлиги тикланган Дилшод Жабборовлар жонкуяр тиббиётчиларга беминнат хизматлари учун чексиз миннатдорликларини нашримиз орқали етказишимизни илтимос қилдилар.
Беморларнинг хурсандлиги шифокорлар эзгу ниятга эришаётганликларининг ёрқин тасдиғи эмасми. Хизмати элга манзурларга янгидан янги муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.