Шу жиҳатдан қараганда, бизнинг Ўзбекистон Либерал-Демократик партиямиз фаолияти юқоридаги юксак талабларга тўла жавоб бера олади, дейишимизга ҳали эрта. Юртбошимизнинг барча партиялар ҳақида куйиниб гапирганлари бежизмас. Ахир бизлар мамлакатнинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйдик. Мақсадлар улуғвор, шунга яраша муаммолар ҳам бир талай. Агар биз замон билан ҳамнафас яшашни хоҳласак, иш услубимизни тубдан ўзгартиришга бурчлимиз. Хайрихоҳларимиз билан мулоқотимиз изчиллигига ва самарадорлигига эришишимиз зарур. Чиройли, баландпарвоз гаплар эмас, аксинча эзгу мақсад сари биргалашиб қўядиган жиддий қадамларимиз муҳим. Одамларнинг қўйнини энди пуч ваъдалар билан тўлдириб бўлмайди, фақат ва фақат амалий ҳаракат ва ишларимиз билангина улар ишончини қозонамиз, уларни ортимиздан эргаштира оламиз, албатта. Бунга аслида қодирмиз. Чунки билимимиз ҳам, куч- ғайратимиз ҳам етарли. Ташаббускорлик ва ташкилотчилик бобида бой тажрибага эгамиз.

Мен ЎзЛиДеП Наманган вилояти Кенгаши раиси сифатида ташкилотимиз иш услуби ва фаолиятини тубдан ўзгартиришга доир долзарб вазифаларни йиғилишдаги маърузани тинглаш чоғидаёқ ўзим учун ва партиямиз учун белгилаб ўтирдим. Бугун иқтисодий масалалар билан бир вақтда маънавий-тарбиявий масалалар билан ҳам жиддий шуғулланишимиз лозим. Президентимизнинг "Партиялар фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар бунга эришолмаса, бу бўшлиқни ғараз ниятли кучлар тўлдиришга ҳаракат қилиши шубҳасиз" деган фикрларини жиддий огоҳномадек тушундим. Биз бу масалага масъуллигимизни ҳеч қачон унутмаган ҳолда ёшлар ғоявий иммунитетини мустаҳкамлаш учун тарғибот- ташвиқот тадбирларини хоналардан маҳаллаларга, аҳоли кўпроқ тўпланадиган жойларга кўчирамиз. Маънавий-маърифий тадбирларга депутатлар, олимлар, ёзувчи-шоирлар ва санъаткорларни чорлаймиз. Уларнинг ўткир ва таъсирчан чиқишларидан самарали фойдаланамиз.

Йиғилишдаги дастурий маърузадан хулоса шуки, халқимизнинг "Бирлашган ўзар" деган иборасининг мағзини чақиш ҳаммамизга ҳар қачонгидан кўра ҳам муҳим ва руҳий кўтаринкилик бағишлайди. Юксак марралар - юксакларга интилганларга насиб этишини яхши биламизу, агар янада чуқурроқ ўйлаб қарасак, бунинг ўзи кифоя қилмайди-да. Бетиним интиладиган, интилганда ҳам қўлни-қўлга бериб, биргалашиб муттасил ривожланиш сари дадил ва шахдам одимлар ташлайдиган вақт келди.