Семинар марказий шифохонанинг болалар бўлимидан бошланди. Дастлаб ВССБ бош мутахассиси Дилфуза Болтибоева, ВБКТТМ бош врачи Абдумалик Раҳмоновлар тадбирдан кўзланган мақсад ва вазифалар хусусида сўз юритишди. Шундан сўнг иштирокчилар 40 ўриндан иборат, 21 нафар ҳамшира, уч нафар олий тоифали шифокорлар самарали хизмат қилаётган бўлим фаолияти билан яқиндан танишишди. Бўлим мудири Файзулло Мансуров интегрирлашувнинг муҳим жиҳатларини болалар бўлими тимсолида сўзлаб ўтди.
- Қисқа давр мобайнида янги усулнинг самараларини сездик, - дейди Ф. Мансуров. - Саломатлиги тикланиб қайтган болаларни уйга жавоб бўлганидан сўнг яшаш жойидаги участка шифокори ёки патронаж ҳамширасига хабар қиламиз. Улар болани яна қабул қилиб олишади ва доимий назоратида тутишади. Бунда ҳам стационар шифокори, ҳам УАШ ва патронаж ҳамшираси узвий боғлиқликда ҳамиша масъулиятни ҳис қилишиб, доимий алоқада бўлишига замин яратилди.
Туғруқ бўлими бош акушер-гинекологи Умида Низомова, бош неанотолог Роҳила Жумақулова, бош педиатр Гавҳарой Убайдуллаева, ШТЁБнинг болалар бўлими реаниматологи Ғайратжон Сулаймоновлар ҳам интегрирлашган усул стратегияси ҳақида батафсил тўхталдилар. Семинар иштирокчиларининг саволларига жавоблар қайтаришди.
- Бу усулнинг аҳамиятли томони шундаки, ҚОП ва стационар ўртасидаги узвий боғлиқликни, бемор ва тиббий ходимлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлайди, - дейди ВССБ бош мутахасиси Дилфуза Болтибоева. - Бемор ва соғлом болаларни парваришлаш бўйича маслаҳатлар сифатини яхшилайди. Дори воситалари айниқса, антибиотикларни асоссиз тавсия қилиниши, вена ичига суюқликларни юборишни, ошқозонни асоссиз ювишни камайтиради. Оналарга болалар парвариши бўйича тиббий маслаҳатлар бериб борилади. Қолаверса, уй шароитида врач тавсияларини тўғри бажариш, қай ҳолда зудлик билан врачга мурожаат қилиш, тўғри овқатлантириш каби зарурий тавсиялар эса уй шароитида боланинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши ҳолатларини камайтиради.
Семинарнинг якуний қисми кўп тармоқли марказий поликлиникада давом этди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдували Мавлонов тиббиётдаги изчил ислоҳотларга тўхталиб, интегрирлашган усул фақат қоғозда эмас, амалиётга кенг тадбиқ қилиниши тиббиёт ходимидан юқори малака, чуқур билим, катта куч-ғайрат ва юксак масъулият талаб этишига алоҳида тўхталди.
Бугун педиатриянинг "Олтин стандарти"га мос келаётган болалар касалликларини даволашнинг интегрирлашган усулда олиб бориш ўйлаймизки, ўзининг самарали натижаларини беради. Болалар ўлим хавфини камайтиришда, маҳаллада, оилада тиббий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Манзура ЭРГАШЕВА.