Маълумки, шу йилнинг 20 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 - 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бундан мақсад ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, аҳолига, шу жумладан, минтақаларда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг натижадорлиги, сифати ва ундан фойдаланишни тубдан оширишдан иборатдир. Қарор талабларига мувофиқ фаолият юритаётган Республика ихтисослаштирилган урология марказининг бир гуруҳ олим-шифокорлари 10 - 15 июль кунлари вилоятимизда иш олиб боришди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ш. Мухторов, тиббиёт фанлари номзодлари - Т. Ҳожиметов, А. Абдуризаев ва А. Раҳимбоевларнинг ҳар бир куни ғоят самарали кечди. Уларга кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари ҳамкорлик қилишди. Беш кун давомида ҳар куни иккита туманга боришиб, беморларни кўрикдан ўтказишди. Зарур маслаҳатлар ва тавсиялар беришди. Айни маҳалда даволаш бў­йича врачларга йўл-йўриқлар ҳам кўрсатишди.

Айниқса, текширувлар чоғида беморларга аниқ ташхислар қўйилгани, консерватив, оператив муолажа чора-тадбирлари белгиланиши даволанувчилар учун айни муддао бўлди. Буйрак ва қовуқда тоши борлар, простатитга чалинганлар, варикоцелли ҳолатига дучор бўлганларни синчиклаб текширувдан ўтказилиши бу борада катта самара берди, десак ҳеч муболаға эмас.

Ташрифнинг якуний кунида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида "Маҳорат дарси" машғулотлари уюштирилди. Унда туманлар ва шаҳардаги тиббиёт муассасаларининг уролог, терапевт, акушер-гинеколог, жарроҳ ва умумий амалиёт врачлари қатнашдилар. Профессор Ш. Мухторовнинг маърузаси тингланди.

- Пойтахтдан ташриф буюришган олим-шифокорлардан имкон қадар самарали фойдаланиб қолишга ҳаракат қилдик, - дейди вилоят штатсиз бош урологи Юсуфжон Дўсанов. - Беморларни қабул қилиш билан биргаликда амбулатор карталар юритишдаги камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Даволаш - диагностика стандартлари такомиллаштирилди. Ҳамкасбларимиздан С. Мамадалиев, С. Абдуллаев, Д. Умарова, Ф. Саримов, Б. Мажиханов, Б. Режаббоев, Э. Жўрабоев, Н. Ботиров, Г. Тураббоев, А. Комилов, О. Муҳиддинов ва Г. Арутунянцлар меҳмонларга ҳамкорлик қилишди. Бу шунчаки ҳамкорлик эмас, балки иш ўрганиш, ўзига хос тажриба орттириш, малакани мукаммаллаш жараёни сифатида қувончли натижалар берди, албатта.

Дарҳақиқат шундай. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида урологлар билан биргаликда 413 нафар, ВКТТМ да 100 нафарга яқин бемор тиббий текширувга олинди. Фақат кўригу, тавсия, маслаҳат билан чекланишмади. ВКТТМ нинг урология бўлимида 10 нафар беморда кам инвозив эндоурологик усулда амалиёт ўтказилди. Чуст, Чортоқ, Наманган, Учқўрғон, ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларида "Сийдик йўллари инфекциясини замонавий ташхислаш ва даволаш", "Гипер­актив қовуқ" тўғрисида семинар машғулотлари уюштирилди ва маърузалар ўқилди.

Содиқ САЙҲУН.