- Ҳеч тортингманглар дўхтир сингилларим, сизлар ўз қизларимдек бўлиб қолгансизларку, қани ичкарига марҳамат.
Патронаж ҳамшираси З. Қодирова оппоқ халати ва қалпоғини кийди. Уй бекасининг қон босимини ўлчаш учун фонендоскопни ишга солди. Юрак уришини, оёқ-қўллари бўғинларини обдон текширди. Махсус сумкасидан бир неча хил дорилар олиб бериб, қачон, қай маҳалда ичишни тушунтирди.
- Зарифа опа, бироз толиқибсиз, ўз вақтида дам олинг, баъзи уй юмушларига энди маслаҳат бериб турсангиз бўлди. Мева-чева, сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Майли, соғлигингиз ёмонмас, бизга рухсат берасиз, бошқа хонадонларга ҳам кирамиз,-дея изн сўрашди улар.
Шундан сўнг патронаж ҳамширалар «Ғайрат» МФЙга қарашли Азиз кўчасидаги Адҳамжоновлар хонадонига ўтишди. ҚОП дояси Шаҳноза 3 ойлик чақалоқ Мубинани тиббий текширувдан ўтказди. Бола соғлом ўсаётгани, фақат онаси тўғри овқатланиши, гўдаги эса тўйиб эмиши, ухлаши зарурлигини уқтиришди.
Поликлиника ҳамширалари шу куни ҳомиладор аёл Маҳбуба Неъматуллаева хонадонида ҳам бўлишиб, у билан суҳбатлашиб, керакли тавсия ва маслаҳатлар беришди.
- Ўзим поликлиникага бормоқчи эдим. Бу йилги тиббий текширувлар янгича бўлаётганидан, тиббиёт ходимларининг ўзлари хонадонимизга келишаётганидан хурсандман, катта раҳмат барчаларига! - деди янги меҳмон кутаётган бўлажак она қувониб.
Қумқўрғон қишлоқ оилавий поликлиникаси ходимлари салкам 16 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Мўътабар Исмоилова, Дилафруз Камолова, Васила Қурбонова, Муаззам Зулфиқорова ва бошқа бири-биридан чаққон, ўз касбининг моҳирлари, фидойилари бўлган патронаж ҳамшираларига бош фельдшер Икромжон Алимқулов бош-қош. Улар ишини ҳар кун, ҳар соат назоратга олган. Шу боис, ҳудудда болалар ўлими ўтган йилларга нисбатан анча камайган.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сонли қарори ва ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Молия ва Меҳнат вазирликлари томонидан "Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларининг йўл ҳақи компенсациясини белгилаш ва тўлаб бериш тартиби тўғрисида"ги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори патронаж ҳамшираларимизга янада масъулият юклади. Рағбат эса, албатта, ишга самара, ютуқлар олиб келади. Шунинг учун кундалик йиғилишларимизда ходимларимизга бу ҳақда қайта-қайта тушунтиряпмиз. Патронаж ойлиги йил мобайнида давом этаверади, - деди мудира Насиба Ирисова.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ