Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 1 апрелида қабул қилинган "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори тиббиётчилар учун тараққиёт эшикларини янада кенгроқ очиб юборди, десак айни ҳақиқатдир.
Қарорда кўзда тутилган мақсад Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, уларнинг халққа юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш, хориждан инвестициялар ва юксак малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, айни маҳалда тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини йўлга қўйишдан иборатдир.
Бизнинг вилоятимизда ҳам мазкур қарор асосида хусусий сектор ишларини янада ривожлантириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, шифокорларимизнинг ўзлари бу муҳим ҳужжатни ўқиб-ўрганишиб, яратилаётган имкониятлару имтиёзлардан ғоят мамнунлик кайфиятини туюшгани янги-янги ўзгаришлар, лойиҳалар билан чиқишаётганида яққол кўрилмоқда. Фаолиятни фаоллаштириш ва кенгайтиришни ҳар бир хусусий муассаса жамоаси тараққиёт мезони сифатида қабул қилган. Ташаббускорлик ва ташкилотчилик оқ халатли эзгу ниятли тадбиркор инсонларимизнинг барчаси фазилатига айланиб қолмоқда. Натижада хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин хусусий жамоаларнинг ишлари давлат тизимидаги муассасалар билан бемалол рақобат қилишга эришяпти, ҳатто баъзи соҳаларда улар илгарилаб кетишлари яққол кўзга ташланмоқда. Фикримизнинг далили учун кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Масалан, "FALANG OIL SERVIS" хусусий шифохонаси МРТ, УЗИ ва клиник лаборатория ((ИФА, ПЦР билан) диагностикаси бўйича 1 миллион 800 минг доллар миқдоридаги энг замонавий тиббий аппаратларни сотиб олди. Бу билан ўз фаолиятини такомиллаштирган ҳолда кенгайтириб юборди. Келгусида Россия давлатининг "Умуртқа ва орқа мия потологияси маркази" билан ҳамкорликда нейрохирургия ихтисослиги йўналишида иш бошлашни ҳам режалаштириб турибди.
"Беҳруз Одил савдо" масъулияти чекланган жамиятининг диагностика бўйича фаолиятини кенгайтиряпти. Жаҳон андозаларида хизмат кўрсатиш учун энг зарур ва энг замонавий тиббий аппарат ва асбоб-ускуналар сотиб олиш ҳаракатида. Ҳиндистонлик мутахассислар билан диагностика хизмати ҳамкорлигини йўлга қўйишга эришиш режалаштирилган.
"Алвон шижоат" масъулияти чекланган жамияти галдаги мақсади интервенцион кардиология ихтисослигини йўналтиришни ривожлантириш. Янаям аниқроқ айтганимизда, бу ерда ишловчилар кардиотест комплекси, ЭКГ, холтер каби ниҳоятта самарали тиббий аппаратларга эга бўлдилар. Бу борада 15 минг 500 еврога савдо-сотиқ шартномаси тузилган. Яқин вақт ичида МЧЖ шифокорлари Россия давлатининг юрак, қон-томир хирургияси илмий-амалий миллий маркази билан ҳамкорликда ишлашса ажаб эмас.
Вилоятимизда 2017-2019 йилларда хусусий тиббиёт ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштириш, янги ташкил этиш ҳамда мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, Жумладан, "Машҳура-И" хусусий корхонаси амбулатор шароитида гинекология ва терапия ихтисосликлари йўналишида маслаҳат, диагностика ва консерватив даволаш ҳамда клиник лаборатория диагностикаси бўйича фаолятини кенгайтиради. "ИАВS DOK MEDIKAL" хусусий корхонаси ҳам худди шундай мақсадни олдига қўймоқда.
Шунингдек, "Сардор саноат савдо" МЧЖ амбулатор ва стационар шароитда терапия ва кардиология, "Поп Файз стом" МЧЖ терапевтик ва ортопедик стоматология, "Трио медсервис" МЧЖ терапия, неврология ва кардиология, "Фотимабону шифо" МЧЖ оториноларингология ва терапия, "Чуст Реал Фарм" хусусий корхонаси гинекология ва кардиология ихтисосликлари бўйича амбулатор хизматларини амалга ошириш ҳаракатига киришган.
Малакали мутахассисларнинг хусусий секторда иш юритишга иштиёқлари ошаётгани диққатга сазовор. Фарҳоджон Исмоилов дерматология, Валижон Ҳакимов дезинфектология, Баҳриддин Жалолов клиник лаборатория диагностикаси, Омина Талабоева гинекология маслаҳати, диагностикаси ва консерватив даволаш истагида эканликларини, яна кўплаб ҳамкасбларимизни янги-янги режалар тузишга тушишганини яхши биламиз. Уларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаб, қонуний ҳолатда элга талаблар даражасида хизмат кўрсатишларини рағбатлантираверамиз.
Президентимизнинг 2863-сонли қарори чиққунга қадар вилоятимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 260 тани ташкил этган бўлса, қисқа фурсатда улар ёнига яна 5 таси қўшилди. Бу жараён бетўхтов ва давомли. Бугунги кунда 265 та хусусий муассаса мавжуд. Уларнинг 162 таси амбулатор, 103 таси стационар шароитда фаолият олиб бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, 4 та муассаса тор доирадаги ихтисосликлар йўналишида ўз фаолиятини кенгайтирди. Яна бир нечаси шундай ҳаракатга тушаётир.
Демак, Президентимизнинг мазкур Қарори хусусий сектор ривожига ривож қўшишга олиб келмоқда. Бу билан халқимиз учун қулайликлар яратиш, шифокор танловини янада яхшилашни таъминламоқда.