Истиқлол-бу эркинлик, ўзгаларга тобе бўлмай, ўз юртига ўзи эга бўлиб яшашдир. Истиқлол-бу ўзлигини таниш, аждодлари кимлигини унутмаслик, бугунги кундан мамнунлик, эртанги кунга қатъий ишонч билан меҳнат қилишдир. Истиқлол-бу энг юксак масъулият, шу масъулият замирида мустақил ватаннинг ҳам фарзанди, ҳам соҳиби сифатида садоқат кўрсатиб, саодатли умр кечиришдир. Истиқлол-бу ота-боболаримизнинг орзу-армонию, бугунги авлоднинг давру давронидир. Истиқлол-бу миллий ғурурни баланд тутган ҳамда турли миллат вакилларини дўсту қадрдон билиб, эзгу мақсадлар сари аҳил-иноқликда, елкама-елка туриб, олға қадам ташлашдир. Истиқлол-бу кўз қорачиғидай асрашни тақозо этадиган тинчлигимизнию, тотув турмушимизни барқарор ва бардавомлигини таъминлашдир.
Биз Ўзбекистонимиз учун ўзига хос, ўзига мос яккаю ягона йўлни, яъни тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаб олганимиз учун кўнгилларимизда шукроналик туйғулари лиммо-лим. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаб айтиб кетганларидек: " Айнан ана шундай тўғри йўлни танлаганимиз туфайли мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимиз ва келгуси авлодларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитларини яратиш, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш бўйича улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўлни босиб ўтдик". Ҳозирда эса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамоликларида тараққиётнинг янги ва янада баланд марралари сари дадил ва шаҳдам интиляпмиз. Бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан серсамара ва серривож фаолият юритаётган халқимиз буюк бунёдкорлик қудратига қодирлигини амалда яққол исботлаяпти. Мамлакатимизни ҳеч муболағасиз кўлами бениҳоя кенг қурилишлар, беқиёс ўзгаришлар, бетимсол ислоҳотлар майдони дейишга тўла ҳақлимиз.
Биргина Наманган аҳлининг озод юртни обод юрт тимсолига айлантириш борасидаги шаҳду шижоати дунёларга кўз-кўзлагудек. Тадбиркорларнинг тараққиёт таянчлари сифатида қўшимча иш ўринлари яратаётганликлари, янги-янги маҳсулотлар билан бозорларини тўлдириб, ҳатто хорижга сотиш билан юрт бойлигига барака киритаётганлари, наинки Наманган шаҳрини, балки бутун вилоятни Президентимиз даъватларига муносиб равишда гулу-гулзорларга айлантириб, ободончиликка зўр берилаётгани, ёши улуғлардан тортиб, навқирон авлод вакилларининг эзгу мақсадлар йўлидаги астойдил саъй-ҳаракатлари, спортчиларимизнинг чемпионлик мақомлари юрт сарҳадлари оша жаҳон миқиёсига кўтарилаётгани, ижодкорларнинг қайнарбулоқ янглиғ жўшқин илҳомлари Юртбошимизнинг навбатдаги ташрифлари чоғида мануният билан тилга олингани ҳар биримизни беихтиёр фахрлантириб юборди. Айни маҳалда муаммоларимиз ва камчиликларимизга янада кўпроқ эътиборимизни қаратишимиз зарурлигини чуқур англаб етдик. Чунки, ҳали қилган ишларимиздан кўра, қиладиган ишларимиз кўпроқ. Бу борада боболаримиз ҳаёти ҳамиша сабоқ. Биргина улуғ маърифатпарвар, тарихчи, тилшунос, ҳуқуқшунос, матбаачи, шоир ва журналист Исҳоқхон Ибратнинг ибратиёқ бизларга наманганликлар қандай инсонларнинг вориси, давомчилари эканимизни ҳар қадамда эслатиб туради, албатта. Президентимизнинг ўтган йилги сайловолди учрашувидаги таклиф ва рағбатлари билан ҳозирда Тўрақўрғон марказида бунёд этилаётган "Ибрат хиёбони" истиқлолни орзулаб, эзгу ишлари қадрланиш ўрнига, "халқ душмани" тамғаси қўйилиб, қатағонга учраган истиқлол фидойиларига бугунги авлоднинг эъзозу эҳтироми намойиши эмасми?! Худди шундай. Боболаримиз бенасиб кетган ҳур замонлар бизларга насиб қилгани Аллоҳнинг ўзбек халқига берган бебаҳо неъматидир.
Юракка айланиб қолгансан, Ватан!
Жонимга жойланиб олгансан, Ватан!
Ўзим-ўзингдирман, ўзингсан - ўзим,
Шу ҳисни туймасам ёлғонсан, Ватан!
Дардларинг дардларим - дардлимиз дарддош,
Иккимизга хосдир енгилмас бардош.
Ҳур Ватан, ҳур фарзанд - тақдири аъло,
Она юрт, ота юрт ғолиб қадамдош!
Оламлари ичра оламмиз бугун,
Ўзига ўзи бек одаммиз бугун.
Мендек туйғу билан яшар милёнлар,
Ватан, бирга нафас оламиз бугун.
Эртанги орзулар юксакдан юксак,
Ушалади шаксиз тинч-омон юрсак.
Истиқлол то абад нақд иқбол ватан,
Кўзланмасдан эгиз - қўшюрак турсак.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.