Мадомики, қимматли вақтни ортга қайтариб бўлмас экан, кишилар ундан қандай фойдаланишни ҳам тафаккур қилмоқлари лозим. Акс ҳолда кўнгилларини афсус-надомат чулғайди.
"Ўтган кунингдан афсусланма!"-дейди доно халқимиз. Агар инсон бирор нарсанинг қиймати ва муҳимлигини билса, шу нарсага катта эътибор беради ва уни беҳуда йўқотмайди.
Президентимизнинг эътиборлари боис қишлоқларимиз кундан-кун обод ва фаровон бўлиб бораяпти. Янги-янги замонавий уйлар, хиёбонлар кўзни яшнатади. Шундай дориломон замонда яшаётганимизга шукроналар келтирамиз.
Кўпчилик одамларнинг юзларига боқсак, уларда мамнунлик билан ҳаётдан рози бўлиб яшаётганликларини кўрамиз. Бироқ, баъзилар "Вақтинг кетди- нақдинг кетди" нақлини унутиб қўяётгандек туюлади. Кўча-кўйларда, маҳаллаларда бекорчиликдан "чарчамаётган" одамлар талайгина. Бу мавзуга аниқлик киритиш учун Шўрқўрғон МФЙда яшовчи Обиджон ҳожи ота Мамажоновга мурожаат қилдик.
-Айрим ёшлар "Бизга иш йўқ" деб баҳона қилишади, қўлларидаги телефон гўё ўйинчоқ- дейди отахон рўй-рост, яширмасдан. Ахир улар ҳаммамизнинг фарзандимизку! Беш-олти нафар ўсмирларга иш ўрни топиб бердик, вақтнинг қадри ҳақида тушунтирдик. Энди улар ишлашяпти, ўзлари ҳам хурсанд, ота-оналари ҳам.
"Ота-онангиздан, ака-опа, қариндош - уруғлардан хабар олиб турасизми?" деб кўпчиликдан сўраб қоламиз. Ўшанда "Иш кўп, вақтимиз йўқ, баъзан йўриқларда бир-рови кўрамиз, холос, вақтни етказиб бўлмаяпти", дейишади улар нолигандай. Во ажаб! Ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ҳамма нарсага вақтни етказган ўз яқинларига етказолмайдими?!
Инсон, замон ҳамда вақтнинг қадрини билиш, бирор лаҳзани беҳуда ўтказмаслик барчамизнинг доимий бурчимиздир.
Тўхтахон РАҲИМОВА,
маънавият тарғиботчиси.