Йилнинг ўтган олти ойи давомида эскирган ва фойдаланилмаётган техника воситалари ўрнини тўлдириш жадаллаштириб юборилди. Янада аниқроғи, март ойи сўнггида вилоятга 33 та "Дамас" АМБ санитар автомашинаси келтирилди. Наманган шаҳар ҳамда барча туманларнинг тиббиёт бирлашмалари тизимидаги муассасаларга тарқатилди. 12 июнь куни эса ана шундай техника воситасидан яна 15 таси олинди ва қуйи бўғинлар тасарруфига ўтказилди. Натижада шифокорларни чақириқларга кечикмасдан боришини таъминлаш имконияти бир мунча кўпайди.
Фақат шугина эмас, тиббий буюмлар ва дори воситалари таъминотини тўкислаш чора-тадбирлари ҳам кўрилмоқда. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишлаб чиққан нормативларига мувофиқ махсус бригадалар учун 41 хил, йўналиш бригадалар учун 36 хил дори-дармонлар, 39-34 хилдан тиббий жиҳозлар бўлишига эришилмоқда. Буларни 2016 йилдагига нисбатан таққосласак, 2 бараварга кўпайганлигини кўряпмиз. Бугунги кунда ҳар бир чақирувга ўртача 1800 сўмдан маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалининг маълумотларини узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирилган ҳолда вилоятнинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати яхшиланмоқда. Тез тиббий ёрдам бўлимининг диспетчерлар хонаси мукаммал таъмирланди. Ҳар бир диспетчерга алоҳида кабина ажратилган, улар янги телефон аппаратлари билан жиҳозланди. Марказнинг барча санитар автотранспортларига GPS навигаторлари ўрнатилди. Диспетчерлик хонасидаги монитор орқали санитар автотранспортларини назорат қилиб туриш имконияти яратиб қўйилди.
Тез тиббий ёрдам бригадаларини амбулатор-поликлиника хизмати билан интеграция қилиш мақсадида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига, яъни янги ташкил қилинган 62 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ичига, шунингдек, 27 та қишлоқ врачлик пунктларига тез тиббий ёрдам шахобчалари кўчириб ўтказилди. Бу, биринчи тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштирди ҳамда сифат ва самарадорлигини оширяпти.
Тез тиббий ёрдам врачларининг профессионаллигини жаҳон стандартлари даражасига етказиш режалари белгиланган. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Санкт-Петербург шаҳридаги Д. Джанелидзе номидаги тез тиббий ёрдам илмий-текшириш институти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Ҳозиргача вилоятимизда 1 нафар врач Россияда ўз малакасини мукаммаллаштириб қайтди. Яқинда бир гуруҳлари Япониядаги Токио тиббиёт университетида малака оширишга юборилди.
Хуллас, тез тиббий ёрдам тобора такомиллашиб, хизматидан халқимиз рози бўлишига эришилмоқда.
Одилжон НОРБЎТАЕВ,
РШТЁИМ Наманган филиали "Тез тиббий ёрдам"
бўлими мудири.