Маълумки, кейинги пайтларда бутун дунёда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам ўсма касалликларига чалинаётган беморлар сони кўпайиб бормоқда. Бу, ўз-ўзидан онкологик хасталикларнинг олдини олиш ва касалликларни даволашга эътиборни кучайтиришни долзарб қилиб қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори эса мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан муҳим қимматга эга. Қарордан мақсад аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, онкологик касалликларга ташхис қўйиш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, республика онкологик муассасаларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг тузилмасини такомиллаштиришдан иборатдир.

Июнь ойининг сўнгги ўн кунлигида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бир гуруҳ мутахассисларининг Наманганга ташрифи ҳам юқоридаги эзгу ниятга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан биридир. Гуруҳда бош мия ва бўйин соҳаси бўйича етук мутахассис, тиббиёт фанлари доктори, профессор Баҳром Юсупов, тиббиёт фанлари доктори Акбар Ҳасанов, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Хотамов, илмий ходим Раҳимжон Бекмирзаевлар фаолият юритишди.

Уларнинг Косонсой туман тиббиёт бирлашмасига ташрифи ғоят самарали кечди. Бу ерда нафақат онкологлар, айни маҳалда гинеколог ва урологларгача меҳмонларнинг "Маҳорат дарси" машғулотларидан баҳраманд бўлишди. Маърузаларни қизиқиш билан тинглаган ҳамкасблар яна қатор саволлар билан мурожаат этишиб, бу борадаги билимларини янада бойитишга, малакаларини мукаммаллашга интилдилар.

Олим-шифокорларнинг вилоят онкология диспансеридаги ҳам назарий, ҳам амалий кўмаклари уч томонлама манфаатли ва самарали кечди. Аввало соҳанинг мутахассислари вилоятдаги ҳолатни ўз кўзлари билан кўриб-ўргандилар, иккинчидан, шу ернинг ўзида бир неча жарроҳлик амалиётларини вилоятдаги ҳамкасблари билан ёнма-ён туриб ўтказдилар, тажриба ва маҳорат сабоғини бердилар. Бу Наманган онкожарроҳларига ўзига хос малака ошириш дарси ролини ўйнади. Учинчидан, беморларнинг Тошкентга бориши ўрнига, дўхтирларнинг Наманганга келиши уларнинг узоғини яқин мушкулини осон қилди қўйди.

Биз палаталарга кириб, хастаҳоллар билан қисқа мулоқот ўтказган чоғимизда, соғаяётганлар бундай меҳрибончиликдан беҳад миннатдор эканликларини айтишди.

-Мен гемонгиёмадан озор чекардим.-дейди поплик Шаҳноза Фазлиддинова.- 2015 йилнинг июнида Тошкентдаги марказга бориб, Баҳром Юсуповичнинг халоскорликларидан баҳраманд бўлгандим. Куни-кеча шу ернинг ўзида у киши иккинчи жарроҳлик амалиётини ўтказдилар. Ҳолатим яхши, нафас олишим енгил. Дўхтир палатага кирибоқ танидилар, "Қизим аввал сен олдимга борган бўлсанг, энди мен сенинг олдингга келдим, бу менга сира-сира малоллик туғдирмайди, аксинча кўнглимда ўз ишимдан хурсандлик ҳисларини уйғотади" дедилар мамнун кайфиятда. Шундай нажоткор инсонларга ҳеч қачон кўз тегмасин!

Норинлик йигирма икки ёшли Садоқат Абдулҳамидова эса "Омадим бор экан, пойтахтга қатнашимга хожат қолмади, Баҳром Юсупович бугун ўзлари операция қилиб бурнимдаги ўсимтани олиб ташлашларини айтдилар" дея қувончини яширолмади.

Яна кўпчиликдан шундай миннатдорлик туйғуларига йўғрилган сўзларни эшитдик.

Пойтахтдаги ихтисослашган марказ мутахассисларининг ташрифи сира тўхтамайди. Ойма-ой давом этаверади. Келгусида бош­қа бўлимлар мутахассислари наманганликлар хизматида бўлишади. Марказ директори, профессор Мирзағолиб Нигматович Тиллашайхов тасдиқлаган жадвал бў­йича изчил фаолият кўрсатилаверади. Наманганлик шифокорлар эса уларнинг бой тажрибаларини янада тўлароқ ўзлаштириб бориш имкониятига эга бўлишаверади.

Ўз мухбиримиз.