Унда вилоятимизда фаолият юритаётган босма ОАВ ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб - қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раисининг ўринбосари Лутфулло Сувонов очар экан, семинар кун тартибидаги масалалар юзасидан барчани таништирди.
Дастлаб, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Гўзалхон Шарипова "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қонун қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар тўғрисида атрофлича сўз юритди.
Шундан сўнг, вилоят адлия бошқармаси юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бўлими етакчи мутахассиси Абдураҳим Ҳакимов "Норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар" ҳақида, вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Ҳусанали Қурбонов "Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг фаолият йўналишлари ва асосий вазифалари" тўғрисида, вилоят адлия бошқармаси давлат хизматлари кўрсатишини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўлими бош маслаҳатчиси Ботир Ўринов "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги, "Жамоат назорати тўғрисида"ги ҳамда "Маъмурий тартиб таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари лойиҳаларини тайёрлашга оид устувор вазифалар" бўйича қилган маърузалари барчани мушоҳадага чорлади.
"Диёнат" ва "Ҳуқуқ оламида" газеталари бош муҳаррири Шухрат Деҳқоновнинг "ОАВда коррупцияга қарши курашиш масалаларини ёритиш. Журналистик текширувини ўтказиш тамойиллари ва одоб-ахлоқ меъёрлари" мавзусидаги таҳлилий мулоҳазаси эса муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш ҳар қачонгидан долзарблик касб этаётганини, коррупция жамият таррақиётига ғов эканлиги, у фуқароларнинг давлат ҳокимяти ва бошқаруви органларига бўлган ишончига жиддий путур етказаётганлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқот, баҳс-мунозара шаклида ташкилланган семинар-тренингда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Манзура ЭРГАШЕВА.