Яқинда Норин туманидаги "Хўжаобод" қишлоқ врачлик пунктида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари билан тез тиббий ёрдам хизмати, туғруқхоналар ва касалхоналар жамоаларининг узвий равишдаги ишларини ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди. Анжуман қатнашчиларига дастлаб қишлоқ врачлик пунктида бу борада олиб борилаётган амалий ишлар ва тўпланган тажрибалар кўрсатилди.

Шундан сўнг тадбир мулоқот тарзида давом этди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов даволаш-профилактика муассасаларининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари билан ҳамкорликдаги фао­лиятини йўлга қўйишнинг аҳамиятли жиҳатлари юзасидан тушунча берди. Туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими мудири Файзулла Мансуров, бош акушер-гинеколог Умида Низомова, шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Муҳиддин Дадабоев, "Хўжаобод" қишлоқ врачлик пункти мудири Тур­ғуной Тўйчиева, ҚВПлар бўйича координатор Шоира Мадиёровалар интеграциялаштириш аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда ижобий натижалар бераётганлигини ўз жамоалари мисолида изоҳлаб бердилар.