Эндиликда барча туманларда қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилди. Яъни бир қисми тугатилди, бир қисми тиббий хизмат янада такомиллаштирилган ҳолатда қишлоқ оилавий поликлиникалари сифатида қайта ташкилланди. Қарор қабул қилингунча вилоятимиз туманларида фақат 211 та қишлоқ врачлик пунктлари жамоа­лари халқ саломатлигини сақлаш билан шуғулланган бўлса, янги такомиллаштириш босқичга ўтилгач, улар сони 75 тага келтирилди. 62 таси қишлоқ оилавий поликлиникаларига, 27 таси поликлиникаларнинг тез тиббий ёрдам бригадалари масканларига айлантирилди. Биз бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида замон талабларига мувофиқ иш юритилишига эришиш мақсадида уларнинг шароитларини яхшилаш, жиҳозлаш ва моддий-техника таъминотини тўкислаш, юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини имкон қадар тўла қондириш чора-тадбирларини кўрдик. Раҳбар ва мутахассислар иштирокида Уйчи туманидаги "Ғайрат" қишлоқ оилавий поликлиникасида кўргазмали семинар уюштирдик. Чунки, бу ердаги янгича андозадаги бирламчи тиббий-санитария маскани қисқа фурсатда намунали ҳолга келтирилган эди. 16 минг аҳолига хизмат қиладиган мазкур ихтисослашган муассасада барча қулайликлар муҳайё. Биноси муҳташам ва кўркам. Хоналари етарли. Кенг ва шинам, тоза сув таъминоти узлуксиз. Жиҳозлари янги ва замонавий. УТТ, ЭКГ ва бошқа текширув аппаратлари юқори малакали шифокорлар тасарруфида. Физиотерапия хонаси турли серсамара муолажаларни ўтказишга мослаб жиҳозланган. Стоматология хонасидаги жиҳоз-ускуна эса, шаҳардаги муассасаларникидек тиши оғриганларни беозор даволашга имкон беради.

Биз бу ердаги шароиту, хизматларни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиқлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари мудирлари, катта ҳамширалар учун андоза қилиб кўрсатдик. Айни маҳалда бугунги ҚОП қандай ҳолатда бўлишлиги аҳоли саломатлиги учун мутахассислар нималарга жиддий эътибор беришлари зарурлиги яна бир бор кенгашиб олингани қувончли натижалар бермоқда. Чунончи, янги тузилма халққа маъқул ва манзурлиги қисқа фурсатда амалда яққол намоён қилди. Қаерга бормайлик, одамлардан бунинг эътирофини эшитиб, ишни янада яхшироқ ташкиллашга интиляпмиз.

Истиқлолгача поликлиника деганда туман ва шаҳар марказидаги ягона тиббий маскан кўз олдимизга келарди, холос. Мустақиллик йиллари ислоҳотлари доирасида эса фақат Наманган шаҳрининг ўзида 13 та оилавий поликлиникалар очилиб, кўп сонли аҳолига яқин жойларда фаолият юритаётган эди. Эндиликда шаҳар билан қишлоқнинг фарқи бу соҳада ҳам йўқотилди ҳисоб. Қишлоқ халқи саломатлигини сақлашдаги бирламчи тизим - қишлоқ оилавий поликлиникасининг врачлик пунктидан ҳам афзаллик, устунлик жиҳатлари анчагина. Агар ҚВПларда умумий амалиёт шифокорлари ва яна қўшимча равишда айрим мутахассислар хизмати йўлга қўйилган бўлса, ҚОПларда жарроҳлар, терапевтлар, педиатрлар, акушер-гинекологлар, стоматологлар эртадан-кечга қадар беморларни қабул қилишади. Кундузги даволаниш муолажаларини ҳам ўтказадилар. Яна энг муҳими, ҳар бир қишлоқ оилавий поликлиникасининг тез тиббий ёрдамчиларигача бор. Улар чақирувчиларга ўз вақтида, кечикмай боришяпти. Ҳаммаси дастлабки муолажани ўтказиш учун махсус машина, замонавий тиббиёт анжомлари ва дори-дармонларга эгадир.

Барча ишларни бекаму-кўст, дейишимизга ҳали эрта, албатта. Биз фаолиятимиз давомида айни пайтда мавжуд ва яна туғилиши эҳтимолдан ҳоли бўлмаган муаммоларга ечим топиш ҳаракатидан бирор лаҳза тўхтамаймиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарорларини изчил бажаришни таъминлаш масъулияти шуни тақазо этаверади.