Ҳужжатнинг мақсади - бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бў­йича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш.

Бунинг учун Меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ва фао­лият йўналишлари белгиланди.

Жумладан, фармонда қуйидаги янги нормалар кўзда тутилди, яъни 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини, таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги 1 йил ичида 50 фоизга, 2-чи ва 3-чи йил давомида 25 фоизга, бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганлар бундан мус­тасно бўлган ҳолда, камайтирилади. Шунингдек, ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг "электрон меҳнат дафтари" тизимини жорий этиш, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатиш ва меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида, ходимнинг иш жойи ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан таш­қари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бў­йича ҳисобга олиш билан босқичма-босқич алмаштириб борилади. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб эса касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг барча ўқувчиларини, уларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами берилган ва электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан берган ҳолда, солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйилади

Киши яхши яшаши, муносиб турмуш шароитига эга бўлиши, орзу-ҳавас билан баланд марралар сари интилиши учун, аввало, у ўз ишига, даромад манбаига эга бўлиши керак. Шунинг учун аҳолининг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири бандликни таъминлаш ҳисобланади. Президентимизнинг ушбу Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.

Меҳнат вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди. Вазирлик ва унинг тузилмаларининг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари аниқ белгилаб берилди. Унга кўра, меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнатга оид муносабатлар, касбий ва меҳнат стандартлари, гендер тенгликка риоя этилиши, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор муносабатлари шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш ва бошқа вазифалар белгиланган. Кўриниб турибдики, мақсад фақат аҳолини қандай, қайси шароитда бўлмасин, ишга жойлаштиришдан иборат эмас, балки уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини амалда таъминлашдан иборат.

Фармонда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий муҳофазаси манзиллигини кучайтириш, нафақа ва моддий ёрдам та­йинлаш ва тўлашда ўрнатилган тартибга амал қилинишини назорат қилиш, уларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш чораларини кўриш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш белгиланган. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир оила турмуш фаровонлигини оширишдир.

Умуман олганда, Президентимиз Фармонида белгиланган вазифалар фуқароларнинг муносиб иш ўрнига эга бўлишини таъминлашда, меҳнат муносабатлари ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Ёсинхон РАҲИМБЕРДИЕВ,

Наманган шаҳар прокурорининг

ёрдамчиси лавозимида

иш ўрганувчиси.