- Президентимизнинг ушбу қарори нодавлат тиббиёт муассалари фаолияти учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Унда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришга ҳар томонлама шароит яратиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш вазифалари белгилаб қўйилган.

Айни маҳалда вилоятда фаолият юритаётган барча нодавлат тиббиёт муассасаларида янги қарорнинг мазмун-моҳияти атрофлича ўрганилди. Шунингдек, хусусусий секторлар раҳбар-ходимлари учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида амалий-услубий вилоят семинари ташкилланди. Иштирокчиларга керакли тушунчалар, зарур кўрсатмалар берилди.

Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш бўйича барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, четдан олиб келинадиган янги тиббий асбоб-ускуналар учун божхона тўловларидан озод этиш бўйича белгиланган имтиёзлар ғоят аҳамиятлидир. Қарорга мувофиқ қишлоқ жойларида ва энг чекка туманларда ташкил қилинадиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод қилиниши кўзда тутилган.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, қарорда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтирилди. Айни пайтгача 177 турдаги тиббий хизматлардан 50 тасигагина рухсат этилган эди. Энди уларга тиббий хизматларнинг деярли барча турлари бўйича хизмат кўрсатишга имконият яратилмоқда. Тиббий хизмат турларига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, интервенцион кардиология, иммунобиологик ташхис қўйиш, қон томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик йўналишлари ҳамда яна бир қатор ихтисосликлар киритилди.

- Қарор ижроси бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталсангиз.

- Ҳозир вилоятимизда тиббий ихтисослик турлари бўйича, диагностика ва даволаш стандартларини ишлаб чиқиш, даволаш профилактика муассасаларини биноларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш борасида санитария қоидалари ва меъёрларининг янги таҳририни ишлаб чиқишга киришилди. Тиббий фаолиятнинг тегишли тури, ҳажми ва типини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базага, тиббиёт асбоб-ускуналари ва бошқа техника воситаларига, жумладан, тиббиёт анжомларига бўлган минимал талаблар бўйича таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим қилинди. Берилган солиқ имтиёзларидан бўшаган маблағлар ҳисобига, аҳолининг ижтимоий ҳимоя­га муҳтож қатламига хусусий даволаш профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳамда хусусий тиббиёт муассасаларига кредит ажратиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш алоҳида эътиборда. "Ўзмедлизинг" ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали ва хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар ҳарид қилиш ҳажмини кенгайтириш ва лизингга бериш чора - тадбирлари бўйича ҳам таклифлар вилоят ҳокимлигига ҳавола этилди.

2017 - 2018 йилларда вилоятимизда хусусий сектор фаолиятини такомиллаштириш, янги ташкил этиш ва мавжудлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жаҳозлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. «Асакабанк» вилоят филиали билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

- Мазкур қарордан келиб чиқиб, вилоятда фаолият юритаётган нодавлат тиббиёт муассасаларида хорижий давлатларнинг етакчи тиббиёт марказлари билан шартномалар тузиляптими?

- Бу борада дастлабки қадамлар қўйилмоқда. "Falang OIL Servis" хусусий корхонаси Москва шаҳридаги 1-клиник шифохона билан ҳамкорликда нейрохирургия бўйича консерватив ва оператив даволашни амалга оширишни, "Alvon SHijoat" масъулияти чекланган жамияти Россия Федерацияси билан ҳамкорликда интервен­цион кардиология бўйича консерватив даволашни, "Behruz Odil Savdo" масъулияти чекланган жамияти Ҳиндистон давлатининг "Mlkromol solutions" шифохонаси билан ҳамкорликда клиник лаборатория йўналишида консерватив ва оператив муо­лажаларни жаҳон стандартлари даражасида бажариш ҳаракатини бошлаган.

Ўз вақтида қабул қилинган бу қарор айнан инсон омили учун, халқ манфаатига хизмат қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек "Энг муҳим вазифамиз - мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш, одамларни, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат"дир.

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.