Йиғилишни вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов кириш сўзи билан очди. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида юз бераётган ўзгаришлар, соҳада кечаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида фикр юритилар экан, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари зиммаларидаги ўта масъулиятли вазифалар ижросини таъминлаш учун сидқидил ҳаракат қилишлари лозимлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги масалалар - аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзи тарғиботини самарали йўлга қўйиш юзасидан чуқур таҳлилларга асосланган маърузалар тингланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, бошқарма бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Матлуба Жамилова, бошқарма бош педиатри Дилфуза Болтабоева, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари, мазкур марказнинг даволаш ишлари бўйича бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Абдуманноп Абдуқаюмовлар сўзга чиқишди.
Нотиқлар Президентимизнинг жорий йил 5 январда, 7 февраль ва 30 март кунлари соғлиқни сақлаш тизими етакчи мутахассислари билан ўтказган видеоселектор тарзидаги йиғилишларда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилаётганлигига қарамай, айрим тиббиёт муассасаларида сусткашликка йўл қўйилаётганлигини танқид остига олдилар. Бирламчи тиббий-санитария муассасалари билан шошилинч тиббий хизмат тузилмалари ўртасидаги интеграциялашув қониқарсиз даражада. Патронаж ишлари бугунги кун талабига мос равишда, деб бўлмайди.
Тиббиёт ҳайъати йиғилишида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш - профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014 - 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-2221-сонли Қарори ижросини таъминлаш борасида хотин-қизлар қўмиталари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида ҳам фикрлашиб олинди.