Гиёҳвандлик ижтимоий хавфга эга. Унга берилган инсон жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайди, балки бошқаларни ҳам тубанлик ботқоғига етаклайди.

Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туй­ғуларининг уйғониши табиий. Бундайларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг хам­ёни қаппаймоқда. Одам қиёфасидаги ёвуз кимсаларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Навқирон келажак эгаси бўлмиш ёшларимизни гиёҳвандлик балосидан асраш кўп жиҳатдан кенг жамоатчиликка, ота-оналарга, мактаб, ўқув юртларининг мураббийларига, маҳалла оқсоқолларига боғлиқ. Ёшлар бўш вақтининг мазмунли ўтишини ташкил этиш, ундан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган шароитларни яратиш, турфа машғулотларга қизиқувчилар учун тўгарак ва клубларни кенгайтириш яхши самара беради.

Айни пайтда мамлакатимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурига асосан ҳар томонлама камол топган маънан бой, ахлоқан етук, жисмонан бақувват, интеллектуал ривожланган комил инсонни шакллантириш борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан "Камолот" ЁИҲ, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, соғлиқни сақлаш, матбуот ва ахборот, ўрта махсус, касб хунар таълими, халқ таълими бошқармалари билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, кенг кўламда санитария-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирги пайтда гиёҳвандлик оғир ва қийин даволанадиган касаллик ҳисобланади. Чунки гиёҳванднинг танасидаги барча аъзолар ва тизимлар шикастланади. Уларни даволаш учун узоқ муддат зарур бўлади. Даволанишнинг мураккаблиги шундаки, тиббий йўл билан жисмоний боғлиқликни йўқотиш мумкин, руҳий боғлиқликни эса тиббий йўл билан бартараф этиш мушкул.

Гиёҳвандлик ва ОИТС инсонлар орасида мавжуд экан, улардан қўрқиш эмас, балки ҳимояланиш зарур. Бошга келадиган кулфатлар хавфининг олдини олишни билиш лозим.

Хулоса ўрнида маслаҳат берамиз: ҳар доим соғлом турмуш тарзига риоя қилинг; спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан, тамаки маҳсулотлари чекишдан воз кечинг; оилангизга садоқатли бўлинг; тиббий хизматга зарурат сезилганда бир марта ишлатиладиган шприцлардан, тиббий воситалардан ва мукаммал зарарсизлантирилган асбоб-ускуналардан фойдаланинг.

Соғлом турмуш тарзи, оилага содиқлик фазилатларини шакллантириш бугунги кунда ҳар бир оилада ота-онанинг бурчи. Бу бурч­ни астойдил адо этиш билан айнан давоси йўқ, бугунги кун дунё тиббиётининг энг долзарб муаммоларидан бирига айланган гиёҳвандлик ва ОИТСнинг олдини олган бўламиз.

Дилмурод ҲАСАНОВ,

Гулсара АРЗИМАТОВА,

вилоят ОИТСга қарши кураш

маркази мутахассислари.