Косонсойлик беморлар учун айниқса катта қулайлик яратилди. 16-17 июнь кунлари туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бир йўла Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтидан келган бир гуруҳ таниқли шифокорлар беморларни қабул қилишди.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари, мазкур марказнинг даволаш ишлари бўйича бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Абдуманноп Абдуқаюмов иш олиб бораётган хонадамиз. Маҳаллий мутахассислар Музаффар Мираҳмедов, Мунаввар Макулов ва Мўътабар Каримовалар иштирокида бурун, томоқ аъзоларида хасталиги бор болалар тиббий текширувдан ўтказиляпти. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
-Уйчи туманида кўплаб болаларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Мана икки кундирки, Косонсойдамиз, - дейди А. Абдуқаюмов. - Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари билан узвий алоқадамиз. Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш учун бор имкониятларимизни ишга соляпмиз. Агар тиббий техника ва асбоб-ускуналар таъминоти янада мукаммал бўлганида пойтахтда ўтказиладиган амалиётларни бевосита шу ернинг ўзида амалга оширар эдик. Шундай бўлсада, беморларнинг узоғини яқин қилиш, уларни дарддан фориғ этиш чораларини излаяпмиз.
Муҳиддин Абдуҳомидов, Ҳамидулла Шоюнусов, Хуршида Сайдуллаева ва бошқа ўнлаб кишилар ҳаракат аъзоларидаги жароҳат, орттирилган хасталик ҳамда бошқа нуқсонлардан азият чикишаётган эди. Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институтидан юборилган шифокорлар гуруҳи аъзолари уларнинг жонларига аро киришди. Ҳар бир касаллик обдон таҳлил этилиб, хасталикларни самарали даволаш бўйича маслаҳатлар берилди.
- Институтимиз вертебрология бўлими катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Рустам Мусаев, маслаҳат поликлиникаси врач травматолог-ортопеди Мирзоҳид Расулов билан косонсойликларга тиббий хизмат кўрсатяпмиз, - дейди гуруҳ раҳбари, болалар жароҳатлари бўлими етакчи илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори Файзулла Умаров. - Икки кун мобайнида юз нафарга яқин беморлар ҳузуримизда бўлишди. Барча беморларни яқин орада соғайтириш тадбирлари ўтказилади. Шу кунга қадар Наманган, Мингбулоқ, Поп ва Чуст туманлари аҳолиси институтимиз малакали мутахассислари хизматидан баҳраманд бўлишди. Фаолиятимиз тиббий кўриклар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Вилоят марказида, шаҳар ва туманлардаги шифохоналарда ишловчи ҳамкасбларимиз малакасини юксалтириш ҳам диққат марказимизда турибди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлим мудири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штатсиз бош травматологи Ёсинхон Фахриддиновнинг таъкидлашича, институт олимлари ва амалиётчилари билан ҳамкорликда "Маҳорат дарслари"ни ўтказиш анъана тусини олган. Бинобарин, ўтган ҳафтада ташкилланган навбатдаги машғулотда травматология ва ортопедия соҳасининг долзарб муаммоларига бағишланган илмий маърузалар тингланди.
Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти вертебрология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоҳайдар Шотурсунов "Умуртқа поғонаси диск чурраларини каминвазив йўли билан олиб ташлаш", вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматолог-ортопеди Сирожиддин Ғаниев "Елка бўғимини айлантирувчи манжетнинг шикастланиши", Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматолог-ортопеди Алишер Йўлдошев "Узун найсимон суяклар синганда блокловчи интрамедуляр ёрдамида остеосинтезлаш" мавзуларидаги маърузалари билан чиқишди.
Қисқаси, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари етук мутахассисларининг ҳудудларга келиши, улар томонидан олиб борилаётган ташхис қўйиш ва даволаш ишлари, маҳаллий шифокорлар билан ўтказилаётган тренинглар, амалий машғулотлар ва давра суҳбатлари қуйи тизимлардаги тиббий хизмат даражасини янги поғонага кўтаришга туртки бериши шубҳасиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.