Дастлабки куни гуруҳ иккига бўлиниб ўз фаолиятларини Тўрақўрғон ва Наманган туманларида бошлашди. Тўрақўрғон туман марказий шифохонасининг кардиология бўлимидаги беморларнинг омадлари бор экан. Бахтиёр Жумаевичнинг ўзи бирма-бир палаталарга кириб, уларни тиббий назоратдан ўтказди. Юрак хасталиги билан ётган Абдулходи Ражабов, Ҳамидулла Қорабоев, Ҳабиба Жакбарова, Кимёхон Холдорова каби ўндан зиёд беморларни даволаш жараёни билан танишди. Уларнинг ҳар бирига қимматли маслаҳат ва тавсиялар берди.

Пойтахтдан келган врачларнинг қадамлари туманнинг чекка ҳудудларигача бориб етди. Меҳмонлар ўз фаолиятларини Файзиобод қишлоқ оилавий поликлиникасига кўчиришди. Бу ерда эса аҳолини қабул қилишди. Шифокорлар ҳамкасбларига даволаш жараёнларида асқотадиган қимматли йўл-йўриқлар беришга ҳам алоҳида вақт ажратишди. Ахсилик Носиржон Турдиа­лиевнинг хонадонига кириб боришганида оила аъзолари бундай эътибор ва ғамхўрликдан ҳайратга тушишди.

Эллик олти ёшли оила бошлиғи яқинда инфарктни бошидан кечирган, марказий шифохонада даволаниб чиққан эди. Юқори малакали кардиолог олим-шифокор айни вақтда нималарга амал қилиши лозимлигини тушунтириб, Носиржонни тўла соғайиб, узоқ яшашга умидлантирди.

Куннинг иккинчи ярмида марказий шифохонада "Маҳорат дарси" ташкилланди. Машғулотга ҳамкасб врач ва ҳамширалар таклиф этилдилар. Тиббиёт фанлари доктори Бахтиёр Амирқулов "Тахикардиянинг дифференциал диагностикаси" мавзусидаги маъруза билан чиқди. Слайдлар асосида назарий ва амалий жараёнларни мазмунли ва таъсирчан йўсинда баён этиб берди.

Савол-жавобларнинг қизғин тусда ўтгани олим-мутахассиснинг маҳорат сабоғини ўзлаштиришга қизиқиш беҳад кучайганининг далолати эди.

- Бугун узоғимиз яқин бўлди, - дейди туман марказий шифохонаси кардиология бўлими мудири Тоҳиржон Алимов. - Ихтисослашган марказ мутахассисларининг беморларни даволашдаги тажриба-маҳоратларини шу ернинг ўзида ўзлаштириб олиш имконияти туғилди. Энди билганларимизни биз ҳам беморларни даволашда қўллашга астойдил интиламиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бахтиёр Амирқулов раҳбарлигидаги мазкур гуруҳда Мақсуд Ҳасанов, Бахтиёр Йўлдошев, Яшин Аҳметов ва Зафар Жўрабоев сингари республиканинг таниқли кардиологлари ҳафта давомида самарали фаолият олиб боришди.

Улар деярли барча туманларда беморларни қабул қилишди.

- Бундай ташриф биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам бўлиб қолмайди, вақти-вақти билан яна келиб туришни, вилоят, шаҳар ва туманларнинг аҳолиси билан кўчма қабуллар уюштиришни, "Маҳорат дарслари" ўтказишни изчил давом эттираверамиз, - дейди гуруҳ раҳбари Бахтиёр Амирқулов.

Демак, ноанъанавий ташриф келгусида анъанавий бўлиб қолиши шубҳасиз. Бу давлатимиз раҳбари кўрсатмаси, бу давр талаби, бу пойтахтда хизмат қилаётган ихтисослашган марказлар жамоаларининг      фаолият бурчининг энг зарур ва энг муҳим жиҳатидир.

Содиқ САЙҲУН.