Яқинда Наманган шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада тиббиёт муассасалари раҳбарларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари олдидаги ҳисоботини ташкиллаш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Унга вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари таклиф этилди.
Тадбирни Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимжон Қосимов олиб борди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да давлат бошқаруви идоралари, хусусан соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш тиртиби жорий этилганлиги, унинг аҳамияти ҳақида тушунча берди. Бу амалиёт барча даражадаги даволаш-профилактика муассасаларида қатъий тартибда ўтказилиши кўзда тутилаётганлигини айтди.
Анжуман жараёнида 5-оилавий поликлиника фаолиятига оид видеолавҳалар намойиш этилди. Поликлиника бош шифокори Абдумуталлиб Акбалаев муассаса шифокорларининг поликлиникадаги ва ҳудуддаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларида олиб бораётган фаолияти, аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматининг ҳолати ҳақида маъруза қилди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи Зарифа Қосимова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали директори Азиз Эрметов, вилоят онкология диспансери бош шифокори Муяссар Эргашевалар тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Семинар ниҳоясида тиббий патронаж хизмати учун мўлжалланган янги "Матиз" автомашинаси Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникага тантанали равишда топширилди.
Ўз мухбиримиз.