«ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ» -НАЖОТКОР ҲАР ДАМ

Кечаси алламаҳалда Қодирали отанинг умр йўлдоши Ҳафиза аянинг аҳволи оғирлашиб қолди. Аёлининг боши айланиб, кўзи тиниб, оғриқ кучаяётганидан инграётгани учун безовталанганича нима қиларини билмай, бироз гангиди. "103" га хабар йўллаши кераклигини англадию, ўтган галги воқеа такрорланиши мумкинлигини ўйлаб шошилмади. Ўшанда ҳам Ҳафиза ая ўзини шундай нохуш сезганди. Чақирилган "тез ёрдам" чилар анча кечикиб келишгани туфайли беморнинг ҳолати баттар оғирлашганди. Оқ халатли врач билан хамширага йўл бошлар экан, йўл-йўлакай хотини ҳолатини тушунтиришга уринди.

- Аввалдан қон босими ўқтин-ўқтин ошиб туради, бу сафар капалагимизни учириб юборди, қўрққанимиздан жойидан қимирлатмадик, ҳушида бор-йўқ ётибди. Яна сал кечикканларингда, хотинимдан айрилиб қолармидим.

- Ваҳима қилманг, ота, қон босими кексаларнинг кўпида бор, - деди бепарво оҳангда врач.

- Ишқилиб бир марталик шприцлари бормикин ? - ғудранди ҳамшира.

- Келиним неварамни яқинда шифохонада даволатганди, қолган-қутгани бордир, зора топилса. - Қодирали ота умидланди.

- "Дибазол", "Попаверин" ҳам керак.

- Ўзларингда йўқми? Қутиларинг катта-ку, ё бўм-бўшми? - таажжубланди ота.

- Ҳозир одамларга дори-дармонни етказиб бўладими, - нолишга ўтди ҳамшира. - Нима кўп, сизларга ўхшаган чақирадиганлар кўп...

"Чақирганда бунақанги имиллаб келишларингда, "тез ёрдам"чиларга ишонганларнинг аҳволига вой эканда, беморларга жонларинг сал ачисин, нажоткорлар ҳам шунақа лоқайд бўладими, садағанг кетайлар!" дея уларга дакки беришни хаёлидан ўтказган Қодирали ота аранг тилини тийди. Тўғриси, ичкарида дард тортиб ётган хотинини ўйлади. Бургага аччиқ қилиб, кўрпасини куйдириб қўймасликни афзал билди. Кирасолиб қайнонасига термулганча ёнида ташвишланиб ўтирган келинига мурожаат этди.

- Назокатхон қизим, мабодо сизда укол­игна ортиб қолмаганмиди?

Келин зудлик билан ўрнидан қўзғолди, нариги хонага ошиқди.

- Тўхтанг, тўхтанг, қон босимни туширадиган дори-дармонлардан қолганмикин, аянгизнинг "халоскор" халтачаларида? - Сўради ота илтижоли оҳангда.

- Қарай-чи, битта-иккита ампулага кўзим тушганди, - деди Назокат қайнотасининг ташвишини аритиб.

- Ҳаммаси ўзларингда топилади шекилли, спирт билан пахтаниям қараб кўринг-чи? - ҳамшира яна тиламчиликка ўтди.

Бу пайтда врач беморнинг қон босимини танометрда ўлчашни якунлаётганди.

- Бай-бай, бай-бай, опанинг аҳволи бежиз танглашмабди, босимлари жудаям кўтарилиб кетибди. Яхшиям уйларингдан шприцу дори-дармон топилди...

-Ука, шифохонага ётқизиш шартмасми?

- Ҳозир ҳамшира босимни пасайтирадиган муолажани қилсин-чи, кейин бир гап бўлар...

Ўша қўпол врачнинг муомаласи ҳали ёдидан кўтарилмай, яна хотинининг ҳолати ёмонлашгани уни ҳовлиқтириб қўйди. Беихтиёр "тез ёрдам"га телефон қилдию, ҳар эҳтимолга қарши ёнма-ён уйдаги ўғлини қошига чақирди.

- Тайёр тур, болам, вақт алламаҳал бўлгани билан "аптека"лар ишлайди, агар яна ўтган сафаргидек ҳол такрорланса, энг яқинимиздагисидан дори-дармон топиштириб келарсан.

Шу пайт дарвоза олдида машина тўхтади. Ундан шошилиб тушган врач ва ҳамширага Қодирали ота пешвоз чиқди. Дарров шифокорларнинг оғзига қаради.

- Отахон нимани кутяпмиз, бизни беморнинг ёнига бошланг. Қанча тез ишга киришсак, дардманднинг дарди шунча тез енгиллайди.

Мезбон ҳайратланди. Келганлар ҳам янги, муомалаю, савол-жавоблар ҳам янги эди.

Врач хастаҳол аёлнинг қўлларига танометр боғичини танғиди.

- Ҳафиза опа, ҳеч қўрқманг, ҳозир манаву ҳамшира қизингиз сизга энг керакли муолажаларни қилади, бошингиз оғриғи зумда тинади, ўзингизни бардам тутинг. Сиз каби ёши улуғлар уйларимизнинг фариштасию файзисизлар, соғлиғингиз оилангиз учунгинамас, эл-юрт учун ҳам ҳамиша керак.

Ҳамшира чаққон ҳаракат билан қутисини очганида, унинг ичи турли-туман дори-дармонларга лиқ тўла эди. Қодирали ота буни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлади. Наҳотки!.. У "тез ёрдам"даги хизмат бу қадар яхшиланиш томон ўзгартириб юборилганининг фаҳмига дарров етди. "Президентимизнинг қарору фармонлари шарофатига қойил, манавуни халққа чинакам ғамхўрлик деса бўлади" деган ўйдан юзларига табассум югурди, кўзларида севинч ёшлари қалқиди. Қўлларини дуога очди:

- Аллоҳим халққа ғамхўр Президентимизнинг умрларини узоқ қилсин, сизлардек оқ халатли меҳрибон инсонларнинг тани-жонига ҳам ҳамиша омонлик ато этаверсин!

 

НОЛИШЛАР ОЛҚИШЛАРГА АЙЛАНМОҚДА

Боиси, аксарият шифокор ва доришунослар ҳалоллик ва фаолликни ўз фаолиятлари мезони эканлигини чуқур англашга ўтмоқдалар.

Яширишдан наҳожат, КЕЧАгина тиббиётчилар хизматидан ранжиётганларнинг нолишлари қулоқларимизга тез-тез чалиниб турарди:

- Дўхтирлар жуда бепарво бўлиб қолишди, ҳузурига бир амаллаб кириб борсанг, дардкашлик ўрнига жеркиб, менсимай муомала қилишлари ғалати.

- Врачлар орасида қасамини, бурчини унутаётганларнинг  хатти-ҳаракатлари   дардга чалинган одамларга ғоят қимматга тушяпти.

- Пулинг бўлса, атрофингда гирдикапалак бўлишади, қўли қуруқнинг юзига ҳам қарашмайди. Давлат ойлик тўлайди-ку, наҳот ризқларини ҳалоллаб ейишни ўйлашмаса бундайлар?!

-Дорихонага кирсанг, арзимаган таблет­ка фалон сўм туради, укол-дорининг эса нархи осмонда...

- "Аптека"лар ишини тартибга соладиганлар бормикин ўзи? Улардаги дори-дармонларни қатъий назоратга оладиган пайт қачон келади?

БУГУН эса ҳолат мутлақо ўзгача. Врачлик либосини эгнига илган, халққа хизмат қилишга бел боғлаган мутахассисларга нисбатан талабчанлик кескин кучайтирилган. Улардан ҳар бир беморга ҳушёрлигу ҳушфеъллик билан муносабатда бўлиш, бепул хизматни бепул кўрсатиш, бетаъма муолажа ўтказиш қатъий талаб қилинмоқда. Шифокорлик қасамини бузиш эътиқодга хиёнат сифатида баҳоланмоқда. Беморларнинг, аҳолининг тиббиёт ходимлари устидан шикоятлари ўз вақтида ўрганилиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилмоқда. Давлат муассасасида ўтириб, беморларни бепул даволаш бурчини унутаётганларга асло ўрин қолдирилмаяпти. Халқни ўйлаб, эл саломатлиги учун астойдил қайғураётган тиббиётчилар юксак қадрланмоқда. Одамларнинг кўнглидан илгари қайтган ишонч ва ихлос туйғуси яна ўз ўрнига кела бошлади. Демак, ислоҳотлар ислоҳотлар учун эмас, инсонлар учун рўёбга чиқарилиши ҳаётий ҳақиқат эканлиги энди ёрқин тарзда исботланмоқда.

Барча дорихоналарда чекланган нархлардаги дори-дармонлар рўйхати кўринарли қилиб осиб қўйилган. Ўзимизнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган арзон ва сифатли таблеткалар, суюқ дорилар таъминоти тобора тўкисланиб бормоқда. "Аптека"лар фаолияти назорат органлари томонидан чуқур ўрганиляпти. Жорий этилган тартиб-қоидаларга амал қилинишини таъминлаш назорати қатъий йўлга қўйилмоқда.

Барча-барча ижобий ўзгаришлар Президентимизнинг 2016 йилнинг сўнгги чорагидаги, 2017 йил давомидаги қарор ва фармонларига мувофиқ эканлигидан халқимиз кўнглида розилик ва мамнунлик ҳислари кундан-кунга жўш уряпти. Ким билан гаплашмайлик, мавзуни соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга бурмайлик, албатта, қувончли эътирофларни тинглаяпмиз. Келинг, яхшиси, улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этайлик.

- Яқинда қизимнинг қўлига тошма тошиб, йиринглай бошлаганди, ўша заҳоти Тошбулоқдаги марказий поликлиникага бордик, - дейди Равзахон ая Каримова. - Дермотолог-врач кўригидан жуда хурсанд чиқдик. Муомаласининг ўзиёқ кўнглимизни ўрнига туширди. У бу тошмаларни даволаш учун ҳеч қандай қимматбаҳо, хорижда ишлаб чиқарилган дори-дармон зарур эмаслигини таъкидлади. Ўзи қизимнинг билагидаги чақа йирингини бир зумда олиб ташлади. Ке­йин эса мамлакатимизда тайёрланадиган арзон ва серсамара маздан суртиб туришимизни тавсия қилди. Қачон врач кўригига эҳтиёж сезсак, бемалол мурожаат этиб туришимизни маслаҳат берди.

- Яқинда онамларнинг тоблари қочиб, яна "аптека"га ишимиз тушди, - дейди Шоҳсанам Ғафурова. - Поп шаҳридаги дорихоналарга киришимга тўғри келди. Барчасидаги ўзгаришларни кўриб қувондим. Негаки, у ерда нархи чегараланган, арзон дори-дармонлар рўйхатига қараб, ўзимиз учун кераклиларини танладим. Дарров қўлимга тутқазишди. Хурсанд ҳолда уйимизга қайтдим. Ўзбекистонимизда тайёрланаётган дорилар хорижникидан асло қолишмасакан. Онамларнинг аҳволлари уч-тўрт кундаёқ енгиллашди. Илгари қимматларини ичганларида ҳам бунчалик самарасини сезмаганликларини айтиб, доришуносларга ишончимни ва ҳурматимни ошириб юбордилар.

Энг азиз, энг улуғ айёмимиз - Ватанимиз мустақиллигининг 26 йилиги яқинлашаётган ҳозирги паллада Ўзбекистонимизнинг тараққиёти тобора тезлашаётганини кўриб-билиб кўнгилларимизда чексиз фахру ғурур уйғониши табиий. Тиббиётдаги ҳар бир ютуқ ортида одамлар ҳаёти, одамлар тақдири мужассам. Шу жиҳатдан ислоҳотлар шарофати халқимизнинг танини соғ, умрини узун қилиши билан ҳам бениҳоя улуғворлик касб этади.

Беморларнинг эътирозлари камаяверсин, эътирофлари бунданда зиёдалашиб бораверсин! Дардлардан фориғланатган ҳамюртларимизнинг шукроналик шукуҳига йўғрилган, нажоткорларга ҳурмат-эҳтиромлари мужассамланган сўзларини эшитиш биз каби журналист тарғиботчиларнинг қалбига бениҳоя илҳом бағишлайверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.