Ҳамшира тиббиётнинг ҳал қилувчи кучи. Унинг билими, малакаси , масъулият ва фидойилиги даволаш ҳамда профилактик ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу борадаги лаёқатни ўстиришда, касбий кўникмани оширишда турли анжуманлар, айниқса кўрик-танловлар ижобий самара бермоқда. Бинобарин, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" учун белгиланган вазифаларни амалга оширишдаги фаоллик, аҳоли репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамшираларнинг билим даражасини ошириш ҳамда улар ўртасида маданий-дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш мазкур қўрик-танловнинг асосини ташкил этади.
Саралаш беллашувларининг ғолиблари ўтган ҳафтада вилоят босқичида ўз омадларини синаб кўрдилар. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида тиббиёт соҳасига оид амалий билимлар кўриги ўтказилди. Унда Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Дилноза Муҳиддинова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Нафиса Мўминова, вилоят онкология диспансери ҳамшираси Зиёда Абдулаҳадова, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Феруза Бўтаева, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Мафтуна Набижонова, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ҳамшираси Моҳира Абдуллаева, Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими ҳамшираси Машҳура Самижонова, Норин тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Гулшаной Турғунбоева, вилоят наркология диспансери ҳамшираси Сурайё Абдурасулова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали қабулхона бўлими ҳамшираси Севара Расулова, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Дилором Мирзашукурова, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Гулчеҳра Қўзиева ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси 1-шаҳар шифохонаси реаблитация бўлими ҳамшираси Гулноза Юсуповалар ўзаро беллашдилар.
Кўрик-танловнинг мазкур шартида тиббиёт муассасасига мурожаат қилган беморларни, қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва буюрилган тиббий муолажаларни дори-дармон, асбоб-ускуналар ёрдамида амалда муайян бемор устида бажаришлари, қилган муолажаларини изоҳлаб беришлари лозим эди. Иштирокчиларнинг барчалари зарур малака ва билимга эга эканликларини амалда кўрсатдилар.
2-Наманган тиббиёт коллежи мажлислар залида давом этган 2- ва 3- шартлар, яъни соҳага оид назарий билимлар ва тиббий, ижтимоий-сиёсий билимиларга доир синовлар ҳам кимнинг нимага қодир эканлигини яққол кўрсатди. Малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир қатнашчининг чиқишини адолатли баҳолаб борди.
- Бу галги кўрик-танлов янги низом асосида ўтказилмоқда, - дейди бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова. - Қатнашчиларнинг касбий маҳорати ва соҳага оид билимларни қанчалар ўзлаштирганликларига қараб баҳоланяпти.
Ва ниҳоят орзиқиб кутилган лаҳзалар. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси, 2-Наманган тиббиёт коллежи директорининг ўринбосари Раҳматулла Муҳиддинов кўрик-танлов якунларини ўқиб эшиттирди. 150 балл тўплаган Поп тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамишираси Феруза Бўтаева "Ҳамшира-2017" кўрик-танловининг ғолиби, деб эълон қилинди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали қабулхона бўлими ҳамшираси Севара Расулова ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси 1-шаҳар шифохонаси реаблитация бўлими ҳамшираси Гулноза Юсуповалар эса иккинчи ва учинчи ўринларни эгалладилар.
- Зиммамга катта масъулият юкланди. Энди кўрик-танловнинг пойтахтимизда ўтказиладиган финал босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун пухта тайёргарлик кўришим зарур, - дейди Феруза Бўтаева.
Тадбир ниҳоясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Наманган вилоятидаги масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиевлар ғолиб ва совриндорларни эришган ютуқлари билан қутладилар ҳамда таъсисчиларнинг эсдалик совғаларини тантанали вазиятда топширдилар.
Суратда: "Ҳамшира-2017" кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари.