Ниҳоят тантанага тўпланганларни марказ бош врачи Абдумалик Раҳмонов қутлади. У болалари соғлом юрт қудратли бўлишини таъкидлар экан, шифокорлар ва ота-оналарга ёш авлод саломатлигини сақлашдек эзгу фаолиятларида муттасил муваффақиятлар ёр бўлишини тилади. Дунёнинг чароғонлигию, ҳаётнинг гўзаллиги соғлом болаларнинг шўх-шодон кулгиси-ю, ёқимли табассумидан барқарорлигини алоҳида таъкидлади.
Сўнгра тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар - Наманган шаҳридаги 1-давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчилари даврага чиқишди. Жозибадор рақслару дилрабо қўшиқлар йиғилганларнинг қалбини завқу- шавққа тўлдирди. Фарзандларининг ёқимли жилмайишларидан кўнгилларига мунавварлик югурган ота-оналарнинг қувончлари ҳам чексиз эди.
- Бир ярим ёшли ўғилчам Муҳаммадалини қаттиқ шамоллагани учун шу марказда даволатаётгандик, қаранг, бу ердаги байрам тадбири барчамизнинг хурсанд қилиб юборди, - дейди Адиба Матмусаева. - Жажжиларга мос мусиқа ва қўшиқлар байрам совғаси сифатида ҳавола этиляпти. Давлатимизнинг ғамхўрлигидан, болапарварлигидан беҳад миннатдормиз. Уйимизга соғлом ўғлимни бағримга босиб қайтар эканман, бугунги тадбирнинг таассуротлари ҳам ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди.
Истиқлолли юртимизнинг чин иқболли фарзандлари ёрқин истиқболимиз эгаларидир. Шундай экан, болаларни ҳимоя қилиш эртамиз учун ҳамиша муҳим аҳамият касб этаверади.
С. ТОЖИБОЕВ.