Биз Косонсой туманига борганимизда янгиликни жорий этиш учун тиббиёт бирлашмаси томонидан ташкилотчилик ишлари тобора кучайтирилаётганининг шоҳиди бўлдик. Аввало Тергачида очилган оилавий поликлиника фаолияти билан яқиндан танишдик.
Қишлоқ катта. 18.000 аҳоли яшайди. Бугунги поликлиника кечаги врачлик пункти ўрнида иш бошлабди. Катта йўлнинг ёқасидаги давогоҳнинг ҳали ичига кирмаёқ кўнглимиз равшан тортди. Ҳовли кўркам ва хушманзара эди. Доира шаклида барпо қилинган мўъжаз гулзор янада мафтункорлик касб этиб турибди.
- Ўзгаришлар каттаку! - дедик ҚОП мудири Соҳибжон Сотиболдиевга эътирофли оҳангда.
- Барчага ибрат қилиб, кўрсатишгандан кейин ишларимиз шунга муносиб бўлиши керак-да, - таъкидлади у мамнун кайфиятда. - Туманимиздаги янги қишлоқ оилавий поликлиникалари раҳбару мутахассислари учун кўргазмали семинар ўтказилди. Шунинг учун тиббиёт бирлашмаси деярли барча талабларга мос келадиган шароит яратишни таъминлади. Таъмирлаш ҳам, жиҳозлаш ҳам қисқа фурсатда сифатли амалга оширилди. Муассасамизга гўёки нур кирди, файз кирди. Илгари тор доирадаги мутахассислар етарли бўлмаган. Бугун эса жарроҳ, педиатр, терапевт, акушер-гинеколог ва бошқа ихтисослашган юқори малакали врачларга эгамиз. Уларнинг қабулига келаётганлар анчагина.
Дарҳақиқат, шароитларнинг созлиги яққол кўзга ташланади. Катта ва ёруғ залнинг икки томонидаги хоналарнинг бири биридан шинам, УТТ, эмлаш, зарарсизлантириш, физиотерапия хоналарини айтмайсизми. Педиатр Толибжон Асқаров, терапевт Муҳиддин Зулфиқоров, акушер-гинеколог Дилором Воҳидоваларнинг хонасидан ҳамқишлоқлари хушнуд ҳолда чиқишаётганининг, яна давоталабларнинг навбатда туришининг ўзиёқ янги тиббиёт маскани хизматига эҳтиёж илгаридан кучли эканидан далолат, деб тушундик. Физиотерапия ҳамшираси Феруза Холмирзаева 5 ўринли хонасида 6 хил муолажа ўтказяпти.
Диққатга лойиғи бу ерда "Тез ёрдам" хизмати йўлга қўйилган. Кеча-кундуз чақириқларга шай туришибди нажоткор шифокорлар.
Албатта, бирданига барча ишларни намунали йўлга қўйиш осон кечмайди. Ахир ҳар бир тармоқда бўлганидек тиббиётда ҳам тараққиётни тезлаштириш учун мавжуд муаммоларга имкон қадар ечим топиш кераклиги ҳаётий ҳақиқат. Биз шу боис етишмовчиликлардан асло кўз юмолмаймиз. Чунончи, қишлоқ оилавий поликлиникасига кирган ёши улуғлар мудирга ҳазил аралаш эътироз билдиришаётгани қулоғимизга чалинди.
- Тишимни даволатмоқчийдим, қани оғриқсиз иш бажарадиган янги аппарат?
Мудирнинг ўзи стоматолог бўлгани учун ғоят ҳижолат чекди. Ахир у "Бошлиғимизга айтаман, бу масалани ҳал этиб берсалар керак" деган жавобга қандай оғиз жуфтласин. Барча масъулият ўзининг зиммасига юклатилганку!..
- Хонадаги "УС-30" эски ипли аппарат, ҳозир энг замонавийлари кўпайяпти. Беморлар ўшнақасини сўрашяпти. Ким ҳам беозор даволанишни хоҳламайди дейсиз. Мутасадди раҳбарлар олдига биринчи галда шу талабномани қўйяпман. Очиғи, бу масалани қишлоқ врачлик пунктида ишлаётганимизда ҳам кўтаргандим. Ўйлайманки, қишлоқ оилавий поликлиникасида бундай муаммо узоқ давом этиши мумкин эмас.
Мудир ҳақ. Халқ талаби-хақ талаб. Шаҳардаги оилавий поликлиникалардан қолишмаслиги зарурати ҳам худди шуни тақозо қилишини соҳага мутасадди раҳбарлар энди чуқурроқ ва жиддийроқ ўйлаб кўришадиган пайт келди чамаси.
Содиқ САЙҲУН.