Биз Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникадамиз. Муассасанинг барча бўлимлари ва хоналарининг кириш эшиклари олди, йўлаклари тиббий кўрик учун навбатда турган она-болалар, ўсмирлар, кексалар билан гавжум. Поликлиника мудираси Ханифахон Бозорова айтганидек, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да хизмат кўрсатиш тобора такомиллашмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соҳага алоҳида эътибор қаратаётганликлари янада яхшироқ ишлашга чорламоқда. Тиббий кўрикларни юксак талаблар даражасида ўтказилишини таъминлаш учун астойдил курашилмоқда.

Поликлиниканинг олий тоифали акушер-гинекологи Сайёрахон Нурматова, УТТ врачи Мадина Хўжамбердиева, жарроҳ Мирзоҳид Турғунбоев,тегара педиатри Гулхумор Ҳамидова ва физиотерапия хонаси олий тоифали ҳамшираси Муҳайё Атабоева, Санобар Болтабоева ва бошқалар қабулида бўлган беморлар ва уларнинг оналари Мастура Аҳмедова, Гўзалхон Ортиқова, Донохон Камолова, Маҳбуба Исмаилова, беморлар Аъзамжон Мамадалиев, Волида Мақсудовалар бу ерда яратилган шарт-шароитлардан, шифокорларнинг ҳушмуомаласию ширинсўзлигидан миннатдор эканликларини қалблари қу­вонч­га тўлиб изҳорлашди.

* * *

Наманган туманидаги кўп тармоқли поликлиника замонавий андозалар асосида қайта реконструкция қилинди. Даволаш муассасасида шифокорлару беморлар учун керакли шароитлар яратилган.

Шунингдек, жойларда қишлоқ оилавий поликлиникаларнинг очилиши халқ учун айни муддао бўлди. Яқинда 14-қишлоқ оила поликлиникасининг очилиши муносабати билан тантанали тадбир ташкилланди. Унга Қумқўрғон қишлоғи меҳнат фахрийлари, аҳоли вакиллари, қўшни қишлоқлардан меҳмонлар таклиф этилди.

Тадбирни мудира Насибахон Ирисова бошқариб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2857-сонли қарори ижроси амалга оширилаётгани, поликлиникадаги тиббий хизматлар аҳоли соғлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Сўзга чиққан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шавкат Қосимов Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси ва ҳокимликлар ёрдами билан мана шундай замонавий даволаш муассасалари кўпаяётганини мамнуният билан тилга олди. "Ғалча" ҚВП ҳам ҚОПга айлантирилганлиги, у ердаги шароитлар аҳоли учун ҳар томонлама қулайлиги хусусида гапирди.

Шундан сўнг меҳнат фахрийси Аҳмаджон Асқаров аҳолиги кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун ҳамқишлоқлари номидан миннатдорчилик билдирди. Муассаса жамоаси ишларига ривож тилади.

Тадбир сўнггида меҳмонлар 14-ҚОП биносида яратилган шароитлар билан танишдилар. Бу ердаги педиатр, терапевт, акушер-гинеколог, физиотерапия, ЭКГ, УТТ, "Тез ёрдам", қабулхона, айниқса фитобар, вилоят, республика илмий-амалий тиббиёт марказларидан келадиган олим, мутахассисларнинг ташриф жадваллари, ҳар бир хонадон учун тартиб билан қўйилган оила паспортлари барчага манзур бўлди.

Суратларда: 14-ҚОПдаги шифокорлар фаолияти акс эттирилган.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ.