Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази мазкур масалага эътиборни янада кучайтирди. Жумладан соҳага оид "ССВ нинг тиббиёт ходимлари малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 140-сонли буйруғи ижроси юзасидан режа асосида РИД ва ВИАТМ директори, профессор Улуғбек Юсуфжонович Собировнинг кўрсатма хатига биноан жорий йил 29 май -10 июнь кунлари мобайнида илмий-амалий марказнинг бактериология лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Адҳам Розиқов бошчилигида вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида "Тери ва таносил касалликларининг замонавий лаборатория диагностикаси" мавзуида сайёр ўқуви амалга оширилди. Унда вилоят, шаҳар, туман даволаш-профилактика муассасаларининг лаборатория бўлимлари ЖАОЮИ ва терининг юқумли касалликлари диагностикаси билан шуғулланувчи врач-лаборантлари ва ўрта тиббиёт ходимлари қатнашдилар.
Ўқув цикли давомида иштирокчиларга РИД ва ВИАТМ ходимлари, марказий серология лабораторияси мудираси Валентина Абишала, микология лабораторияси мудири т.ф.н Шуҳрат Собирқулов, клиник лаборатория диагностикасининг олий тоифали врач-лаборанти Дилбархон Рустамовалар томонидан ўқилган долзарб масалаларга бағишланган маърузалар қизиқиш билан тингланди. Слайдлар ва мисоллар орқали ёритилган тарғибот барчада бой таассурот қолдирди. Саволларга тегишли жавоблар қайтарилди.
- Биз тиббиётдаги янгиликлардан янада яхшироқ хабардор бўлдик. Пойтахтлик мутахассислар билан йил давомида ҳамкорлигимиз янада кучаяди. Тери ва таносил касалликларини эрта аниқлаб, ташхислаш ва даволашда юқори самарага эришиш учун шундай ўқувлар жуда керак. Касбий маҳоратимиз ошишида, энг муҳими, аҳоли ўртасида тери-таносил хасталиклари билан оғриган беморлар камайишида улар катта аҳамиятга эга, - дейди вилоят тери-таносил касалликлари диспансерининг лаборатория бўлими мудири, олий тоифали врач-лаборант Абдураззоқ Валиев.
Ўқув машғулотлари якунида 30 нафардан зиёд тингловчиларга тантанали равишда сертификатлар топширилди.
Суратда: ўқув машқи жараёни.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.
Муаллиф олган тасвир.