Донорнинг қон марказидаги йўли шартли равишда "Хайр­ли иш сари етти қадам" дейилади.

Донорнинг биринчи қадами қон марказидаги рўйхатхонадан бошланади. У ҳақдаги керакли маълумотлар билан ҳужжатлар тўлдирилади. Албатта, донор паспорти билан келиши шарт. Рўйхатхонадан кейин тиббий сўровномани тўлдириш, иккинчи қадам саналади. Бунда бирор бир касаллик бўйича шифокор рўйхатида турмайдими, даволаниш учун дорилар қабул қилмайдими, илгари юқумли хасталикка чалинмаганми, соғлом турмуш тарзига эгами каби саволларга жавоб берилади. Тўғри ва ростини айтиши шарт. Ахир қони қуйиладиган беморнинг соғлигини муҳофазалаш учун бу ўта муҳим. Донордан сўралган ҳар қандай маълумот ошкор бўлмаслиги ва бирор бошқа мақсадларда қўлланилмаслиги кафолатланади.

Бармоқдан гемоглабин миқдорини аниқлаш мақсадида бир томчи қон олиш учинчи қадамдир. Бу кўрсаткични ойдинлаштириш донорни камқонликка учраш хавфидан сақлайди.

Тўртинчи қадам - шифокор қабули. Шифокор донор қон топшириши мумкинми ёки мумкин эмаслигини ҳал қилади.

Бешинчи қадамда қон топширишга рухсат берилгандан сўнг кетадиган суюқлик ўрнини босиш учун донор иссиқ чой билан сийланади. Шуни эслатиб ўтиш жоизки, ҳар бир тиббий муолажаларда бир маротаба қўлланиладиган анжомлардан фойдаланилади. Донорда ҳеч қандай касаллик юқтириб олиш хавфи бўлмайди.

Олтинчи қадам қон топшириш. Донорга махсус креслога жойлашиб ўтириш таклиф қилинади. Тирсак соҳасининг ички қисми териси антисептик суюқлик билан артилади, кейин эса венадан қон йиғадиган пластик қопчага бириктирилган стерил игна ёрдамида қон олинади. Жараён асосан 10 дақиқагача давом этиши мумкин. Қон топширилгач, билакка стерил боғлам қўйилади. Уни икки соатгача ечмаслик тавсия этилади.

Еттинчи қадам қон топшириш якунлангач, донор марказда 10-15 дақиқа дам олади ва енгил овқатланади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, газетхонларга қарата куйидагиларни таъкидлашни истайман: Сиз бир соатгина вақт­ни сарфлаб ва донорлар курсисига етти қадам ташлаб, бирор инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишдек савобли ишда иштирок этишингиз мумкин.

Гарчи топширган қонингиз туфайли қайта ҳаётбахш айлаган инсоннинг исмини ҳам билмайсиз. Муҳими, бу эмас, асосийси, улар соғлом бўлсалар бас!

Мунира УМРЗОҚОВА,

вилоят қон қуйиш маркази бош врачи.