Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ва бир қатор олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, давлат ва нодавлат нотижорат, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, 2003 йилдан буён вилоятимизда фао­лият юритаётган "Барҳаёт сайёра" экология маркази фаолияти, тажрибаси, келгусидаги режалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Марказ Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Наманган вилоятининг қишлоқ жойларида яшовчи ёшларда экологик билим ва маданиятни шакллантириш", "Наманган вилоятининг очиқ сув ҳавзалари қирғоқларида яшовчи аҳолида экологик маданият ва масъулиятни ошириш" каби лойиҳаларни амалга оширган.

Илмий-амалий анжуманда республика Фанлар академияси илмий текшириш институтлари, вилоятлардаги олий ва ўрта махсус таълим, умумтаълим муассасаларининг олим, педагог магистрант ҳамда талабалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан мавзуга доир илмий мақола ва маърузалар орасидан танлаб олинган энг саралари кўргазмали слайдлар ёрдамида қатнашувчиларга тақдим қилинди.

Наманган давлат университети ўқитувчиси О. Чўбоеванинг "Экологик назоратнинг ҳуқуқий асослари", "За экологически чистую Фергану" ассоциацияси раҳбари И. Домуллажановнинг "Роль гражданского сектора в экологическом образовании", Наманган муҳандислик-педагогика институти ўқитувчиси Б. Исҳоқовнинг "Ислом динида экология муаммолари таҳлили", Андижон давлат университети ўқитувчиси Ж. Комиловнинг "Табиатни муҳофаза қилишнинг таълимий ва тарбиявий жиҳатлари", РС ва ТСИ НВФ ходими М. Алишерованинг "Соғлом овқатланишнинг кўҳна усули" мавзуларидаги маърузалари қизғин муҳокама қилинди.

Конференцияда ёш истеъдодларнинг мавзуга бағишланган санъат асарлари кўргазмалари намойиш этилди. Шунингдек, конференция қатнашчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги "Гул байрами" тадбирларига ташриф буюришиб, энг ноёб гулларни етиштираётган уста-гулчилар тажрибалари билан яқиндан танишишди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси Ш. Якубов ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, Парламент комиссияси аъзоси Саъдулла Ҳакимовлар иштирок этишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.