Республиканинг етакчи тиббиёт муассасаларининг энг билимдон, энг тажрибали мутахассислари 17 ноябрдан 22 ноябргача 9 та қишлоқ врачлик пунктларида фаолият юритишди. Ҳафталик пухта тайёргарлик ҳамда юксак уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Учта гуруҳга уюшган врачларга бирлашманинг УТТ мутахассислари яқиндан кўмак беришди.
Катта Қўрғонча, Соҳилобод, Ёртепа, Гулқишлоқ, Бураматут, Оқтош, Янгиобод, Бекобод қишлоқ врачлик пунктларида беморлар пойтахтдан ташриф буюрган юқори малакали шифокорларнинг хизматидан имкон қадар самарали фойдаландилар.
Биз Катта Қўрғонча ҚВП да нажот истаб келган оналар ва болалар мутахассислар қабулидан мамнун ҳолда чиқишаётганининг гувоҳи бўлдик. Бу ерда икки кун давомида РИА ва ГИАТМ акушер-гинекологи Шаҳноза Бекмирзаева беморларга аниқ ташхислар қўйиб, муолажа тавсияларини берди.
- Халқимиз жуда хурсанд бўлди,-дейди ҚВП мудираси Обидахон Каримова.- Икки юзга яқин аёллар акушер-гинекологга учрашди. Фойдали маслаҳатлар олишди. Энди уларни даволашга эътиборни кучайтирамиз.
Пойтахтдан келган Тошкент ПТИ клиникаси педиатри Ҳилолахон Ризаева, акушер-гинеколог Моҳигул Мамедовалар ҳам 2,3-гуруҳлар ишини жойларда ҳафта давомида изчил ва фаол йўлга қўйишди.
ТТБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Зулфия Зокирова ҳафталик натижаларини таҳлил этиб, ҚВПлар бўйича координатор Жамолиддин Турғунов билан аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасидаги вазифаларни аниқ-равшан белгилаб чиқмоқда. Пойтахтдан келган мутахассислар кўмагидан оқилона фойдаланилгани келгусида қувончли натижалар кўрсатади, албатта.
С. ТОЖИБОЕВ.
Суратда: РИА ва ГИАТМ акушер-гинекологи Шаҳноза Тоҳировна Бекмирзаева бемор Моҳпора Алимовага соғлигини текширгач, қимматли тиббий маслаҳатлар бермоқда.