Боғнинг марказидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар жамоалари саъй-ҳаракатлари билан вужудга келтирилган улкан гулхона ўрин олган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали, вилоят перенатал маркази ва вилоят наркология диспансери, бошқа ўнлаб муассасалар вакилларининг гулчилик борасидаги тажриба ва иқтидорлари ўз натижасини кўрсатди.
- Худудимиздаги 14 та гул композициясида тинчлик, гўзаллик ва саломатликни улуғловчи ғоя ифодаланган, - дейди бошқарма бош мутахассиси Нурмуҳаммад Турғунов. - Қисқа фурсатда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. 42 минг тупдан зиёд энг нодир гул кўчатлари ўтқазилди. Бугун уларнинг барчаси қиёғос очилиб, байрам қатнашчилари дилини хушнуд этмоқда. Ниятимиз ўзига хос танловда олий ўринни қўлга киритиш.
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар жамоаларининг юртимиз чиройига-чирой қўшиш, байрам шукуҳини ошириш борасидаги изланишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Бирлашмага ажратилган ҳудудга келган киши ўзини эртаклар оламига кириб қолгандек ҳис қилади гўё.
- Интернет орқали дунёнинг турли шаҳарларида нишонланадиган гул байрамлари хақида маълумот олдик. Улардан энг ибратли жиҳатлари уйғунлаштирилган ҳолда бугунги композицияни яратдик, - дейди Наманган шаҳар туғруқ комплекси раҳбари Дилбархон Ибрагимова.
Дарҳақиқат, композицияларда шаҳар тиббиётчиларининг интилишлари ўз ифодасини топган. Атроф она табиатнинг мўъжизакор гулларига бурканган. Кактуслардан нилуфарларгача бор, сайроқи қушлар, паррандалар беихтиёр эътиборингизни тортади.
Қисқаси, вилоятимиз шифокорлари, ҳамшираю кичик тиббиёт ходимлари ҳам гўзаллик ва нафосат айёми мафтункорлиги, жозибадорлиги ва мазмундорлигини оширишга баҳоли қудрат ҳиссаларини қўшмоқдалар. Гул байрами давом этмоқда.
Суратларда: байрамдан лавҳалар.
Р. МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.