Жорий йилда шаҳардан ташқарида 9 та оромгоҳ, яъни Косонсой туманидаги "Соҳил", "Олмазор", Норин туманидаги "Норин", Чуст туманидаги "Баркамол авлод", Поп туманидаги "Офтобча", Тўрақўрғон туманидаги "Ширин", Янгиқўрғон туманидаги "Камалак", Чортоқ туманидаги "Шодлик", Уйчи туманидаги "Умид ниҳоллари" фаолият кўрсатади. Уларда жами 5000 нафардан зиёд ўғил-қизларимиз мириқиб ҳордиқ чиқаришади.
Мавсумга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўриш мақсадида соғлиқни сақлаш бошқармасида соғломлаштириш масканларига бириктирилган бош мутахассислар, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ўринбосарлари, оромгоҳларда фаолият олиб борувчи врач ва ҳамширалар учун биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув-семинари ташкилланди. Унда малакали мутахассислар томонидан керакли тавсиялар берилди ва тиббий қўлланмалар тарқатилди.
- Оромгоҳларда санитария-гигиена талаблари ва дори-дармон заҳиралари, шунингдек фарзандларимиз истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати қай тартибда назорат қилиб борилади. Чунки бу фаслда тез ачийдиган маҳсулотлар воситасида болаларда диарея ва бошқа юқумли касалликлар келиб чиқиши, улар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай эмасми?
- Дарҳақиқат, бу борада маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан вақтида таъминлаш учун ҳудудларда ушбу маҳсулотларни марказлашган ҳолда етказиб берилиши таъминланади. Бунда маҳсулот ишлаб чиқарувчининг тегишли лицензияси мавжудлиги ва махсулотларни сифат белгиси (сертификат)га эга эканлиги алоҳида эътиборга олинади. Озиқ-овқат махсулотлари сифатини қайта текшириш, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиб бориш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши оромгоҳлардаги тиббиёт ходимлари ва вилоят ДСЭНМ томонидан қатъий тартибда назорат қилиб борилади.
Мавсум давомида шаҳардан ташқаридаги оромгоҳларнинг барчасида зарур миқдордаги дизенфекция воситалари, илон, қорақурт заҳрига қарши зардоблар улар эҳтиёжига қараб таъминланади.
Соғломлаштириш масканларида тез ёрдам кўрсатиш гуруҳлари навбатчиликлари мунтазам йўлга қўйилади.
- Демак тиббиёт ходимлари мавсум бошиданоқ масъулиятни чуқур ҳис этишаётган экан, кўнгилсиз ҳолатлар рўй берилишига йўл қўйилмаслигига ишонамиз. Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Суҳбатдош М. ЭРГАШЕВА.