Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида ҳам амалий ҳаракатлар боряпти. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктларини мақбуллаштириш жараёни якунланди. Мавжуд 17 та қишлоқ врачлик пунктининг юридик мақоми бекор қилиниб, улар негизида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Қисқартирилмаган 4 та қишлоқ врачлик пункти ҳам туман тиббиёт бирлашмаси таркибида фаолият кўрсатадиган бўлди. Айни пайт­да мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини шакллантириш бос­қичидаги ташкилий ишлар поёнига етди ва уларнинг самарали хизмат кўрсатишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

ТТБ тизимидаги 33-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси аввалги "Мевазор" ва "Ғайрат" ҚВПлари негизида вужудга келган. У эндиликда ҳудудда яшовчи 16 минг аҳолига хизмат қилишга ихтисослаштирилди. Собиқ ҚВП биноси таъмирланиб, қишлоқ оилавий поликлиникаси мақоми доирасида иш олиб борилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Кўркам ва замонавий тусга кирган, атрофи ободонлаштирилиб, ҳовлиси гулларга бурканган, фуқароларга малакали хизмат кўрсатилиши учун белгиланган тартибда асбоб-ускуна, анжомлар билан жиҳозланган, тажрибали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларига эга янги тиббиёт муассасаси бугунги кунда даволаш-профилактика ишларини янгича мезонлар асосида олиб бормоқда.

Яқинда бу маскан фаолияти бутун вилоятга намуна қилиб кўрсатилди. Қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолиятини шакллантириш масалаларига бағишлаб Уйчи тумани ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси билан ҳамкорликда кўргазмали анжуман ташкилланди.Унга туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, янги ташкил этилган ҚОПларнинг мудирлари, катта ҳамширалари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича координаторлари, вилоят ДПМларининг раҳбарлари, бошқарманинг бош мутахассислари таклиф этилдилар.

Анжуман давомида қишлоқ оилавий поликлиникалари қандай тузилма ва у қандай бўлиши керак? деган саволга жавоб изланди. Тадбирни Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Манзура Азизова олиб борди. Уйчи тумани ҳокими Абдуғани Турдиев, вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, маҳалла фаоли Олимжон Мансуровлар мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолиги билан тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан мақсад "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаш ва одамларнинг бу соҳа ишидан рози қилиш, энг муҳими, юртимиз соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштиришдан иборат эканлигини таъкидладилар. Жумладан, қишлоқ жойларида очилаётган ҚОПлар бу борада қўйилган муҳим қадамлардан бири эканлиги эътироф этилди.

- Илгари мана шу жойда тиббиёт пункти бўларди. Мустақиллик йилларида муҳташам қишлоқ врачлик пункти қурилди. Мана энди унинг фаолият доираси янада кенгайиб, оилавий поликлиникага айлантирилди. Эл саломатлиги муҳофазаси масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётганидан, одамлар учун яратиб берилаётган беқиёс қулайликлардан ғоят мамнунмиз, - дейди Олимжон ота Мансуров.

Тадбир давомида ҚОПларни ташкил этишдан бошлаб, биноларни безаш ва жиҳозлаш, жамоани шакллантириш, ҳужжат юритиш, стоматология хизмати ҳамда ва дорихона ишини йўлга қўйиш ва бошқа фаолиятлар амалий тарзда кўрсатилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова, бошқарманинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича бош мутахассислари Зулфия Мамаджонова ва Ойбек Турдиматовлар барча йўналишлар бўйича мухтасар тушунча беришди.

- ҚОПда поликлиника хизматини йўлга қўйиш борасида мукаммал даражада иш ташкил этилибди,- дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 30-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Ҳолида Халилова. - Хоналар намунавий тарзда жиҳозланган. Эшиклардаги ёзувлар ва бинолардаги пешлавҳалар , лаборатория, ультратовуш текшируви, тор доирадаги шифокорларнинг фаолияти ва бошқа соҳаларда ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп. Айниқса, кундузги шифохона, физиотерапия ва тиш даволаш хизматлари ибратли. Энг муҳими, тез тиббий ёрдам шаҳобчаси мазкур масканга жойлаштирилганлиги диққатга сазавор.

Янгилик шарофати билан одамларнинг узоғи яқин бўлганлиги ҳақиқат.Энди олис қишлоқларда истиқомат қилувчилар тиббий кўрик ва маслаҳат олиш учун тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларига қатнаб юришмайди. Қолаверса, вилоят ва республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари вакилларининг ҳам қишлоқ оилавий поликлиникаларига келиб, фаолият юритишлари кўзда тутилмоқда. Қисқаси, ислоҳотлар самараси ўлароқ малакали тиббий хизмат одамларнинг яшаш жойларига яқинлаштирилди.

- Поликлиникамиз туну кун хизматга шай,- дейди 33-ҚОП мудири Барнохон Сайфутдинова. - Эрталаб соат 8 дан 20 гача тиббий хизмат кўрсатилса, тунда тез ёрдам бўлими шифокорлари навбатчилик қилишади. Алоҳида дорихонага эгамиз. Янги муассасамизда 10 нафар врач ва 46 нафар ҳамшира ишлайди. Жарроҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, умумий амалиёт шифокорлари, ультратовуш текшируви мутахассиси беморларни қабул қилишмоқда.

Дарҳақиқат, тиббиётдаги янгиланишлар баробарида Наманган вилоятининг ўзида 62 та қишлоқ оилавий поликлиникасининг вужудга келиши мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш учун қилинаётган эзгу ишларнинг давоми бўлди, десак муболаға эмас. Дастлабки натижалар эса унинг афзалликларини яққол тасдиқламоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.