Ахси қишлоғидаги Жакбаралиевлар сулоласи кўп сонлилиги ҳамда толеи баландлиги билан элга таниқли. Бугунги кунда катта оиланинг энг улуғи Абдужаббор ота ҳисобланадилар. Мен қайси даврада у кишини учратмай, сермағизу сермаъно фикрларини эшитиб, хушкаломликларидан беихтиёр завқу шавққа тўламан. "Оталар сўзи- ақлнинг кўзи" нақли шундай табаррук инсонлар боис айтилганига иқрорлигим янада ортади. Йўқ-йўқ, Абдужаббор Жакбаралиев нафақат сўзлари билан, балки ўзлари ҳам ибратона умр кечираётганликлари туфайли бахти бекамлик толеига мушарраф. Меҳнатлари турли соҳаларнинг равнақига сингган. Қаерда ишламасинлар, қайси раҳбарликка тайинланмасинлар ўзига хослик, кўпчиликка мослик хислатлари устуворлигидан обрў қозонганлар. Асли касблари агрономлик бўлса-да, тезда олий партия мактабининг фаол кадрлари сафидан ўрин олганлар. Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошланган фаолиятлари кечагидек кўз ўнгимда намоён: Тўрақўрғон туман партия қўмитаси тарғибот-ташвиқот бўлими мудири, жамоа хўжалиги партия ташкилоти етакчиси, қишлоқ Кенгаши раиси, Оқтош пахта пункти раҳбари, туманлараро нефть базаси директори, туман меҳнат бўлими бошлиғи... Энг ҳайратланарлиси, 1976 йили қандли диабет хасталигига чалиниб қолган бўлса ҳам барча масъул вазифаларда кеча-кундуз тиним билмай ишлашнинг уддасидан чиқа олган бу иродаси мустаҳкам инсон.

- Машина бошқариб кетаётиб, хатарли тасодиф туфайли кучли қўрқувга тушганим сабабли кўп ўтмай ўзимни ёмон ҳис қила бошлагандим, - дея эслайди отахон. - Чанқоқликни зўрайишидан, томоғим қуруқшаб, куч-мадорим камайиб бораётганидан ташвишга тушдим. Врачга учрадим, таҳлилхонага қон топширдим. Ташхис қандли диабет бошланганини кўрсатди. Тузалиб кетармиканман? - деган савол қийнаб, муттассил ич-этимни ердим ўшанда. Эндокринолог Муза Абдураҳмонованинг таскинларию, рағбатлари кўнглимда ишонч уйғотди, соғайишимга умидлантирди. "Биргаликда курашамиз, биргаликда енгамиз! Сиз кайфиятингизни сира туширманг, парҳезга қаттиқ риоя қилинг, таблеткаларни вақтида ичиб боринг, деган далдасига қулоқ тутиб, ўзимга эътиборли бўлишга интилдим. 38 ёшда шу дардга чалинишимга қарамай, пенсия ёшигача, ҳатто ундан кейин ҳам танаффуссиз меҳнат қилдим. Албатта, ҳар йили ора-орада вилоят эндокринология шифохонасида қисқа муддатли даволанишни канда қилмаган ҳолда. Мана, 41 йилдан буён касаликка қарши курашдаман, ғалаба эса мен томонда! Оқ халатли меҳрибон халоскорлар кўмагига таянганим учун умримга умр қўшилаверди.

- Кимлар сиз учун нажоткорлик қилишяпти? - сўраймиз шифокорларга янада аниқликлик киритиш учун.

- Диспансернинг Баҳриддин Сиддиқов бошчилигида ишлаётган Акбарали Ҳамдамов, Аҳмаджон Акбархўжаев, Солихон Қосимов, Мусохон Ҳамидов, Матлуба Қодировага ўхшаган фидойи врачларнинг беминнат муолажалари ҳеч бенаф кетмаган. Ҳар гал ётганимда, ҳафта ўтибоқ аввалгидек тетикланаман. Яшашга иштиёқим кучайгандан кучаяверади.

Отахоннинг тажриба сабоқлари бошқалар учун ҳам асқотиши шубҳасиз. У кишининг айтишича, қондаги қанд миқдорини пасайтиришнинг имкони, аввало, ҳар бир беморнинг ўз ихтиёрида. Соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш кифоя, яъни нафсни тийиш, меъёрида ҳаракат ва дам олишни ўрнига қўйиш, айниқса, овқатланиш парҳезини маҳкам ушлаш. Асаббузарликдан нари юриш ҳам муҳим. Одамларга ширин сўзларни улашсангиз, қонингиздаги зарарли ширинлик камайишига эришасиз. Натижада худди Абдужаббор Жакбаралиевдек узоқ умр кўрасиз.

Отахоннинг тани соғ-омонлигининг яна бир муҳим омилини асло тилга олмасдан ўтолмаймиз. Оила бошлиғи, меҳридарё аёл - Ҳабибахон ая билан қарийб 60 йил бирга яшамоқда. Фарзандларини тиббиёт соҳасига йўллашаётганидан дилларида ҳамиша хурсандлик туйишади. Икки қизлари ҳамшираликни танлашган. Моҳира ҚВП да ҳамқишлоқлари муолажаси билан машҳур. Саида эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида фаолият юритади. 20 йиллик хизмати давомида малакаси юқорилаб, олий тоифага эга бўлди. Унинг икки қизи, бошқача айтганда отахон ва онахоннинг набиралари Сабоҳат ва Сурайё ҳам тиббиёт коллежларида таҳсил олишган. Туман марказий шифохонаси ҳамширалари.

Яна энг кераклиси, уч келинларигача ўрта тиббиёт ходими дипломларига эга. Манзура, Муаттар ва Дурдоналар давлат муассасаларида ишлашлари билан бирга доимо қайнона ва қайнотанинг, умуман, таърифлаганимизда катта оиланинг чаққон, чечан ва чарчамас саломатлик посбонлари сифатида ҳам суюкли ҳамда қадрли бўлиб қолишган. Чолу кампир келинлар қуршовида ўзларини ҳамиша соғлом ва тетик сезишади. Ҳозирда набиралардан тағин икки нафари ҳамширалик касбини танлашганини айтмайсизми! Сарвиноз Наманган, Шаҳноза Косонсой тиббиёт коллежларида билим олишяпти.

Пиру бадавлатлик бундан ортиқ бўладими. Истиқлол юртининг чин иқболли кексалари доимо дуода умргузаронлик қилишмоқда. Фарзандлари, 32 набираларию, 18 эваралари гоҳ-гоҳ катта хонадонга тўпланишиб қолишса борми, гўё тўйхонага айланиб кетади Абдужаббор бобонинг уйлари.

Сизга ҳавас қилар кўрган, гаплашган,

Сизга ярашади кексаликдек бахт.

Ёшликдан диабет дарди илашган

Сиздан сабоқ олса, арзийди ҳар вақт.

Содиқ САЙҲУН.