Мустақиллик йилларида инсон саломатлигини сақлаш, унинг ижтимоий, тиббий, хуқуқий, маданий ва маънавий омилларини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналишига айланди. Соҳанинг мустаҳкам хуқуқий базаси яратилиб, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш хуқуқига эга" деб қайд этиб қўйилган.

Дарҳақиқат, тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон саломатлигини сақлашга бўлган эътиборнинг янгича кўриниши бўлиб, бугунги кунда одамларда меҳнат қилишга лаёқатни, касбига меҳрни, баркамол авлодни тарбиялашга масъулиятини, энг муҳими, жамият тараққиётига ҳисса қўшишни янада кучайтиришни таъминлаб беради. Шунинг учун мамлакатимизда мустақиллик йилларида сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт тизими- республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилди. Яна истиқлол шарофати билан аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимояга доир конституциявий хуқуқларини таъминлаш, шунингдек, тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш учун ташкилий, иқтисодий ва хуқуқий шарт-шароитларни яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга мос тарзда ислоҳ этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Айни пайтда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи ихтисослаштирилган республика тиббиёт марказларигача барча даражаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва мукаммал механизми ишлаб чиқилди.

Ўтган йилларда қўлга киритилган ютуқлар сарҳисоб қилинса, соғлиқни сақлаш йўналишида салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, аҳоли ўртасида ўртача умр кўриш вақтининг узайгани, оналар ва болалар ўлимининг кескин камайиши, қатор эпидемиологик хасталикларнинг бутунлай тугатилганлиги тизимда изчиллик билан ҳаётга жорий этилган ислоҳотлар самарасидир.

Инсон ҳаёти учун зарур соҳалардан бири - соғ­лиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат доимий эътибордаги масала бўлиб қолаверади албатта. Шу боис бугунги кунда ҳам давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Тиббиёт тараққиётини таъминлаш бўйича келгуси йилларда рўёбга чиқариладиган ишлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топган. Аниқроғи, Ҳаракатлар стратегиясининг "Ижтимоий соҳани ривожлантириш" деб номланган тўртинчи йўналишида фуқароларнинг саломатлигини сақлаш тизимини такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Шунга мувофиқ соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари негизида 78 та туман тиббиёт бирлашмасини, 7 та шаҳар ва 2 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини қайта қуриш, тез тиббий ёрдам хизматини 1200 та махсус авто­транс­порт билан таъминлаш режалаштирилган.

Кўриниб турибдики, аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб боради. Халқи соғ­лом юрт ҳамиша куч-қудратли бўлиб қолаверади.

Шуҳратжон ҚОРАБОЕВ,

НамМПИ "Менежмент" кафедраси

катта ўқитувчиси.