Дарҳақиқат, бугун кўпмиллатли Ўзбекистонимизда тинчлик ва инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари асосида барча миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқда ҳамжихату ҳамфикр бўлиб истиқомат қилишмоқда. Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 104 та миллий маданият марказларида миллий урф одат ва анъаналарини асраб-авайлаши, давом эттириши учун барча шароитлар яратилган.
Тадбирда республика Байналмилал маданият маркази директорининг ўринбосари Сергей Миронов, рус миллий маданий маркази раиси Александр Аристов, "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашининг бўлим бошлиғи Шерзод Сатторов ва бошқалар миллатлараро бирдамлик ва ҳамдўстлик муносабатлари юрт тинчлиги ва осойишталиги учун муносиб хизмат қилажагини таъкидлашди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида "...Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади" деб белгилаб қўйилган.
Фестивал "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган маънавий-маърифий тарғибот ишлари доирасида юқоридаги шиор остида уч кун давом этди.
Жумладан, Янгиқўрғон туманидаги агросервис ва транспорт касб-ҳунар коллежи, Чуст шаҳридаги Мавлоно Лутфуллоҳ номли маданият ва истироҳат боғи, Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази" ва бошқа туманларда "Юрт тинчлиги, Ватан равнақи - олий неъмат" мавзуларида илмий-амалий семинарлар, турли миллатлар ашула ва рақсларидан тузилган концерт дастурлари ҳамда давра суҳбатлари, миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъати маҳсулотлари, миллий либослар, тасвирий санъат ва ва фотосанъат кўргазмалари намойишлари бўлиб ўтди.
Тадбирларда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳабибулла Маткаримов иштирок этди.
Манзура ЭРГАШЕВА.